Сайтимизда 22 апрель куни «Марғилонда аҳолини қийнаган бир девор воқеаси» деган сарлавҳа остида мақола эълон қилиниб, унда Марғилон шаҳридаги маҳаллалардан бирида ноқонуний эгалланган кўча ҳақида сўз борган эди. Қарангки, таҳририятимизга Самарқанд шаҳридан ҳам айни ўхшаш мавзуда мурожаат келиб тушди.

«Ассалому алайкум, Кун.уз таҳририяти!

Мен Мелибоева Гавҳар, сизларга ўзим яшайдиган Самарқанд шаҳар «Дўстлик» маҳалласи, Олмазор кўчасида истиқомат қилувчи 18 та хўжалик аъзоси номидан мурожаат қилмоқдаман.

Бизнинг кўчамиз Самарқанд шаҳри ва Паст Дарғом тумани қоқ чегарасида жойлашган, шу сабабли кўчамизда айримлар Паст Дарғом туман «Намозгоҳ» маҳалласига, айримлар Самарқанд шаҳрининг «Дўстлик» маҳалласида ҳисобда турадилар. Аслида, биз яшайдиган жой барча геодезия ва кадастр хариталарда Самарқанд шаҳар ҳудудига тегишли этиб кўрсатилган.

Гап шундаки, бизнинг кўчамизнинг бошини айни пайтда Самарқанд шаҳар Хўжасоат қишлоғида яшовчи Муҳаммадали Мустафоқулов тўсиб олиб, кўчамизни боши берк кўча (тупик)га айлантириб, айни кунларда иморат қуриш билан шуғулланмоқда.

Биз бу борада анча йиллардан буён мутасадди идораларга мурожаат қилиб келамиз. Дардимизни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги тинглаб, 2015 йил август ойи охирларида даъвогар сифатида фуқаролар ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритиб, кўчани тўсиб турувчи деворлар жавобгар М.Мустафоқулов томонидан бузиб ташланиб, кўча аҳолисига очиб берилиши ҳақида ФИБ Самарқанд шаҳар судининг ҳал қилув қарори чиқарилган  ва ижрога берилган эди.

ФИБ Самарқанд шаҳар судининг ҳал қилув қарори 1,5 йил давомида ижро этилмаган, 2017 йил февраль ойи охирларида М.Мустафоқулов Паст Дарғом тумани халқ депутатлари Болатош қишлоқ кенгаши номидан 1986 йилги қарор, 1991 йилги чизма харитасини судга тақдим этиб, кўрилган ишни бошқатган кўриб чиқиш ҳақида ажрим чиқартириб олган.