2017 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан байрам кунларида аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор ҳужжатлар имзолангани барчангизга маълум. Хусусан, 2 январь душанба куни дам олиш куни дея эълон қилинди. Наврўз байрами ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мос равишда иш кунлари кўчирилиб, 20 март ҳамда 8 май кунлари барча аҳоли учун дам олиш куни дея эълон қилинди.

Охирги иккита қарор кенг жамоатчилик орасида қизғин муҳокама қилинди. Чунки Ўзбекистон қонунчилигида шунга ўхшаш аввалги қарорларнинг барчаси ҳафтасига 5 иш кунида фаолият олиб борадиган ходимларга тааллуқли бўларди. Аммо бу сафарги қарорлар бутун мамлакат аҳолисига, жумладан 6 кунлик иш ҳафтасидаги ходимларга ҳам тааллуқли тарзда чиқарилди. Бунинг натижаси эса барчангизга маълум – 20 март душанба куни барча ходимлар расман дам олди, таълим муассасаларида эса ўқиш бўлмади.

Яқинда Maslahat.uz гуруҳида Президент қарори билан 8 май душанба куни дам олиш куни деб эълон қилинганлиги ҳақидаги муҳокамада фойдаланувчилар томонидан қолдирилган айрим изоҳлар «Кун.uz» сайтининг диққатини тортди ва шу бўйича журналистик суриштирув олиб борилди.

Хусусан, Элёр Абдикулов исмли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси қуйидаги фикрларни билдирган:

“Нега ўтган сафар 6 кун ишлайдиганларга 25 кун иш куни 1 кунга камайтирилмади? Бунинг оқибатида табелда 24 кун, давлат бюджет корхоналари дастури «Uzasbo»да 25 иш куни ёзилди. Бу қарорга шарҳни фақат Меҳнат вазирлиги ёзиши мумкин. Чунки йиллик календар иш режасини улар тузади, ўзгартириш киритади.

20 март куни ишламадик ва шунинг ҳисобига 1 кун ойлигимиз ушлаб қолинди. Шунга бу сафар ходимларимиз ишлаймиз, 1 кунлик иш ҳақи керак дейишяпти”.

Шунга ўхшаш изоҳни Зулфиқор Асланов исмли фойдаланувчи ҳам қолдирган ва “яна мартдагидек ойликдан олиб қолишадими”, дея савол берган.

Ушбу ҳолатни батафсил ўрганиб чиққач, қуйидагилар аниқланди:
1.    Президент Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 16 мартдаги ПҚ-2839-сонли қарорига биноан, 20 март душанба куни дам олиш куни дея эълон қилинди ва ҳамма дам олди.
2.    Шунга кўра, март ойида ҳафтасига 6 иш кунида ишлайдиган ходимлар 24 кун ишлашди, 7 кун дам олишди. Буни қуйидаги суратдан ҳам кўриш мумкин.