Ўзбекистонда шанба-якшанба иш кунларидан ҳам кўпроқ стрессга бой. Чунки деярли ҳамма бозорда, йўлда, тўйда ёки қариндошиникида. Ёшлар эса одатда шанба-якшанбани тинимсиз уйқу билан якунлайди. Кам сонли одамлар вақтини ўзига бағишлаб, ҳаётидан баҳра олади.

Шундай турга кирувчи вашингтонликларнинг дам олиш кунларида ёқтириб борадиган локацияларидан бири – The Wharf, яъни шаҳарнинг охирги тугаш нуқтасидаги бандаргоҳ. Вашингтон канали, Анакостиа дарёси туташган жой узоқ йиллар давомида кўримсизроқ балиқ бозори эди. Аммо 2017 йилда бу жойлар обод қилинди, ҳозир чинакам дам оладиган сўлим гўшага айланди. Бунинг учун вашингтонликлар бугун ўз ҳокимига раҳмат айтади.

Кафе ва ресторанлар, концерт майдонлари, пиёда ва югуриш йўлаклари, сайт зоналари ва қирғоқбўйи – вашингтонликлар учун вақтни чоғ ўтказишга тайёр имкон. Оиласи ва болалари билан сайр қилиш, югуриш ва велосипед миниш, сув бўйида газета ёки китоб ўқиш, уй ҳайвонларини айлантириш, дўстлар билан бирга пикник қилиш, қайиқ ва яхталарга миниб, нариги соҳилга жўнаш, жонли мусиқа – обод қилинган бандаргоҳ буларнинг ҳаммасини тақдим қилади. Уларнинг деярли ҳаммаси текин. Камига ҳудудда текин интернет билан таъминланасиз.

Америкаликлар душанбадан жумагача тинимсиз ишлайди, ишга вақтли боради. Шу сабабли ҳам шанба ва якшанба кунлари парклар, худди шундай сувли жойлар, спорт майдонлари ва музейлар, табиат қўйнига шошади. The Wharf ҳудудидаги эски балиқ бозори 1805 йилдан бери бор, асрлар давомида бу нуқта балиқ маркази эди. Ҳозир эса портнинг бир қисмидагина балиқ бозори сақланиб қолган, қолган ҳудуд дам олиш зонасига айлантирилди.

Вашингтон сиёсий ва маъмурий марказ, одамларнинг аксарияти ҳам давлат ходимлари. Аммо The Wharfʼга келганлар сиёсатни унутади, шошилмайди, сув бўйида сайр қилади, югуради ва вақтини чоғ ўтказади.

Бандаргоҳнинг ҳозирги қиёфаси қурилиши 2014 йилда бошланганди, бу Вашингтондаги энг катта шаҳарсозлик лойиҳаларидан бири бўлди. 1950 йилдаёқ ҳудудни ривожлантиришга киришиб, юзлаб бизнесларни бу томонга кўчиришган, аммо натижа ўйланганидек бўлмади. Шунинг учун ҳам шаҳар ҳокимлиги ҳудудни бутунлай бошқа қиёфага келтиришга қарор қилди. The Wharf’нинг қиймади 3,6 млрд доллар, бу Вашингтон тарихидаги энг қиммат лойиҳалардан бири бўлди. 3 миллион квадрат футдан ортиқ жойда офис, меҳмонхона, турар жой бинолари, савдо ва кўнгилочар марказлар қад ростлади. Натижада вашингтонликлар асосан ҳафта охирида оқиб келадиган марказ яралди.

Кўпчилик қуёш ботишини ва Рейган аэропортидан кўтарилаётган самолётларни томоша қилиш учун ҳам келади.