Шерғози Муҳсинов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) давлат идораларидан бирининг раҳбари. Рафиқаси шифокор. Тўнғич қизи Ақидахон университетни битириб, мактабда бошланғич синф ўқувчиларига дарс бера бошлади. Севиб-севилиб турмуш қурди. Ўртанчи ўғли Аслиддин муҳандисликда ўқимоқда эди. Шерғози ишдан ортиб, ўғли билан бафуржа гаплашишга вақт топмас, “Ўқишинг қалай? Бобонгдан хабар олдингми, таэквондо тўгарагига қатнаяпсанми? Машғулотларни қолдирма” каби савол-жавобдан нари ўтмасди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Кечки пайт хотини телефон қилди.
- Бандман, - дея Шерғози гапни қисқа қилди. Қўнғироқ яна жиринглади.
- Ишлагани қўясанми? Нима? Ваҳима қилма! Бориб, суриштираман...
Шаҳар ИИБ навбатчиси қўнғироқ қилди. Ярим соат ўтмай етиб борди.
- Бировнинг енгил машинасини миниб қочишган, - деди ИИБ бошлиғи ўринбосари. – Икки киши. Иккаласиниям кайфи тароқ. Бир фалокат бўлмасдан, вақтида шаҳардан чиқаверишда, тўхтатиб қолинган.
- Қанақасига? Машинани эшигини қандай оча олади?
- Қулфланмаган экан. Эгаси беш дақиқага кираману чиқаман, деб беркитмабди. Сиздай одамнинг боласи...
- Қонуний чора кўринг, тавбасига таянтиринг...
Уйда хотини хуноб қилди. Бу унга оғир ботди.
- Сен талтайтиргансан, - дея унга ўшқирди. – Аралашмайман. Бурнига сув кирсин.
Биринчи бор ҳуқуқбузарлик қилган Аслиддин ва шериги афв этилди. Йигитча тавба-тазарру қилиб, отасидан қайта-қайта узр сўради. “Спиртли ичимлик ичмайман. Дарсларни, машғулотларни қолдирмайман”, дея ваъда берди.
- Дада дипломни ювяпмиз. Курсдошлар пул йиғиб, ўтириш қиляпмиз.
- Тағин бир балони бошлайсанми? Бормайсан.
- Ўртоқларимдан ажралиб қолмай.
Ўтириш қизиганда кўз остига олиб юрган курсдоши Замирага Акбар тегажоғлик қилаверди. Аслиддин унга юзланди.
- Ташқарига чиқайлик.
- Чиқсак чиқаверамиз, - деди Акбар илжайиб. – Ишқилиб, дадажонингга арз қилмайсанми?












