«Монако»га қарши ўтган чемпионлар Лигаси ярим финали жавоб учрашувида Дани Алвес ўзи ҳам гол уриб, яна бир голга узатма бериб, «Ювентус»нинг ғалабасига жуда катта ҳисса қўшди ва ҳақли равишда учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Ушбу ғалабадан кейин Массимилиано Аллегри шогирдлари икки учрашув натижасига кўра (2:0, 2:1) финалга йўл олди.
Жардим Фалькаога ишонганди

Агар нарсаларни ўз номи билан атайдиган бўлсак, «Ювентус»нинг «Монако»га қарши жанги тақдири олти кун аввал ҳал қилиб қўйилган эди. «Луи II» стадионида Гонсало Ҳигуаиннинг дубли «кекса синьора»га чемпионлар Лигаси финалига чиқишини амалда таъминлаб бўлган эди. Монаколиклар, албатта, финалга йўлланма учун имкониятлари камлигини ўзлари ҳам яхши тушуниб туришгинди, бироқ Туринда ҳақиқий жанг ваъда қилишаётганди. Акс ҳолдда уларни ҳеч ким тушунмасди.
— «Ювентус» бизга кўп муаммолар яратди, шу сабабли ниманидир ўзгартиришга мажбур бўламиз. Уларнинг сафида айниқса Дани Алвес ўзини кўрсатди. Бунинг ҳайратланарли жойи йўқ, у бундай даражадаги ўйинларни кўравериб, кўзи пишиб кетган буюк футболчи. Агар биз ютишни истасак, ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни намойиш этишимиз керак. Биз Радамель Фалькаодан кўп нарса кутаяпмиз. Биз ёмон фикрларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, фақат ҳужум қилишимиз керак. Биринчи ўйинда дарвоза томон зарбаларимиз сони итальянларники билан тенг бўлди. Бироқ, рақибларимизники самарали чиқиб қолди. Ўз-ўзидан равшанки, «Ювентус» бизга нисбатан тажрибалироқ жамоа. Ютқазганимизга сабаб, яратилган вазиятларни голга айлантира олмадик. Туринда эса ўз орзумизни рўёбга чиқаришга ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз — финалга чиқиш. Мен ўз футболчиларимдан фахрланаман», — деган эди «Монако» мураббийи Леонардо Жардим.
Хедира Маркизиони 10 дақиқа алмаштирди
Агар Жардим Фалькао ҳақида гапирган бўлса, мухлислар учун жамоадаги қизиқ шахс — 18 ёшли Килиан Мбаппе бўлиб турибди. Ниҳоятда иқтидорли ёш француз йигитчасининг 39 ёшли Жанлуижи Буффон билан қарама-қаршилиги бу ярим финалга ўзгача тус бераётган эди. Албатта, Монакода «Ювентус»нинг тажрибали ҳимоя чизиғи ЕЧЛнинг ушбу плей-офф босқичида 5та гол уришга улгурган Мбаппени зарарсизлантиришни уддалаганди, лекин ҳужумчининг олдида ўз мақсадига етишиш учун яна 90 дақиқа бор эди.
Кутилганидек, Мбаппе ва Буффон биринчи дақиқалардан ҳаракат қилишди. Массимилиано Аллегри «Ювентус»нинг бошланғич таркибида фақат битта ўзгариш қилди: дисквалификациясини ўтаган Хедира майдон марказида Клаудио Маркизиони алмаштирди. Лекин германиялик футболчи 10-дақиқада мушакларни чўзиб олиб, ўрнини яна Маркизиога бўштиб берди. «Монако» асосий таркибига бу марта Андреа Ражи, Бенжемен Менди ва Жоау Моунтинью киритилди. Бир ҳафта муқаддам Жардимнинг кўрсатмаларини кўнгилдагидек бажармаган Фабиньо ва Тома Лемар захирада қолдирилди. Сўнгги дақиқаларда Набил Диррар қайдномадан тушиб қолди.
















