Кун ҳам ботди. Кимгадир яхшилик улашдим, кимнингдир муаммосини ҳал қилдим, яна кимларнингдир кўнглига билиб-билмай озор етказдим. Ортда қолган яна бир кунни сарҳисоб қилиб, иш ва турмуш ўйловларидан бир муддат беихтиёр чекиниб, фирдавсмонанд шаҳримизнинг сўлим ва файзли кўчаларини ёлғиз сайр этишни кўнглим истади.

Бухоро. Сенинг ҳар бир қарич еринг, баҳаво боғларинг, не-не буюк сиймоларнинг руҳи поки қовушган тупроғинг, жаҳон аҳли кўришга орзуманд бўлган кўҳна обида-ю қадамжоларинг, мен учун азиз.

Кўҳна ва боқий она шаҳарнинг обод кўчаларидан бормоқдаман. Одам гавжум. Кимдир ишидан қайтмоқда, кимдир фарзандини етаклаб сайрга олиб чиққан, равон кўчаларда машиналар серқатнов, аҳён-аҳёндан тўй-тантана ва хурсандчилик овозлари қулоққа чалинади. Буларнинг бари, Аллоҳ назари тушган ўлкамизда тинчлик ва осойишталик ҳукмронлигидан дарак.

Бугун халқимиз тўқ, турмушимиз фаровон, дастурхонларимиз тўкин, энг асосийси, кўнглимиз хотиржам. Шу хотиржамликка берилиб, аждодларимиз қадрлаган ва эъзозлаган ибо-ҳаё, рашк, ор-номус каби олий тушунчалар устидан тепкилаб ўтмаяпмизми? Ҳатто, айримларимиз бунақа туйғуларнинг борлигини ҳам тан олгимиз келмайди. Гўёки, мустақил мамлакатнинг эркин фуқароларимиз-у, кўнглимиз тусаган ишни ва хоҳишни бажараверамиз. Шу зайлда орамизда униб-ўсаётган тубанлик, беҳаёлик, «замонавийлик» тобора илдиз отиб бораверади. Уларнинг  пайини қирқиш, таг-томири билан йўқ қилиш ўрнига, суғорамиз, фарзандларимиз учун «ўрнак» бўламиз.

Шундай жаннатмакон юртимизда фарзандларимизнинг келажаги, уларнинг камоли йўлида барча шарт-шароитлар яратилган-у, нега бизнинг ўзимиз уларнинг тақдирига бефарқмиз, нега ўспирин йигитларимиз ва эндигина бўйи етиб қолган қизларимизнинг тарбиясига, улар бугун нима иш билан машғул эканлигига панжа ортидан қараймиз...

Вақт алламаҳал бўлибди ҳамки, мен файзли кўчаларни кезишда давом этмоқдаман. Йўл четидан хаёл суриб кетар чоғим оқ рангли «Нексия» автомашинаси ёнимга келиб тўхтади. Машина ойнаси хиёл тушурилди-ю, ичкаридан менга қарата, «Эй братан, Гулливер кафеси қаерда», деган савол берилди. Улар сўраган кафе шу кўчада жойлашганлиги учун «Яна 50 метр юрасизлар», деб жавоб бердим.

Автомашина салонида тахминан 7 нафар ўспирин, улар орасида 4 нафар ёшгина қиз бор эди. Автомашинанинг хиёл тушурилган ойнасидан бурқсиб чиқаётган тамаки тутунидан, «бу машина эмас тандирхонага ўхшайди, ундаги ўспиринлар шу тандирга солинган ўтин кабидир», деган хулосага келасан киши. Ёшлар ўта «маданиятли» эканларки, улардан на «салом»ни, на «раҳмат»ни эшитдим. Тахминан 50 метр чиқадиган масофага автомашина ўқдай учиб борди гўё.

«Гулливер» кафеси олдида тумонат одам. Ўспирин йигитчалар ҳали эндигина ҳаётга қадам бошлаш арафасида, лекин улар ҳудди дунёни қўлга олгандек бир қўлда сигарета, иккинч қўли «жонони»нинг елкасида. Ҳали бўйи етилиб улгурмаган қизлар ҳам очиқ-сочиқ кийинган, бўянишдаку бир-икки «модел»ларни ортда қолдиради. Атрофда ўзининг шу кечалик жуфтини қидириб келган йигитчалар эса, юзини чаплаб, лабини бўяб, ўзини бозорга солаётган «қиз»ларга гап отиш билан овора.