2017 йил 5 майда Шавкат Мирзиёевнинг «2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Шундан сўнг олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш истагида юрган абитуриентлар орасида турли шов-шувли гаплар тарқади. Эмишки, тест имтиҳонларида «йиқилган», аммо 68 дан юқори балл тўплаган абитуриент агар контракт пулининг оширилган миқдорини тўлашга рози бўлса, талабалар сафига қўшилади...
Бу гаплар нечоғли асосли эканига ойдинлик киритиш мақсадида «Оила даврасида» мухбири Ғуломжон Мираҳмедов Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасаларини методик таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Барно Ражабов билан суҳбатлашди.
— Президентимизнинг 2017 йил 5 майда имзоланган қарорида иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин ҳудудлари учун мутахассисларга бўлган ўринли эҳтиёжни қондириш мақсадида олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларини белгилаш каби вазифалар келтирилган. Бу ўша ҳудуддан ўқишга кириш учун келган абитуриентга ОЎЮ томонидан бирор бир имтиёз ажратилишини англатадими? Абитуриент керакли баллни тўплай олмаса ҳам ўз ҳудудига бориб ишлаш шарти билан ўқишга қабул қилинадими?
— Мақсадли қабул асосан, тиббиёт олий ўқув юртлари учун режалаштирилган. Улар шу йилдан бошлаб, мақсадли қабулни амалга оширади. Мақсадли қабул бу — муайян олий таълим муассасасига Президентимизнинг 2017 йил 5 майда имзолаган қарорида белгиланган вилоятларга давлат гранти бўйича ажратилган квоталарни назарда тутади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси олий таълим муассасалари имкониятларидан келиб чиқиб, вилоятлардан келган абитуриентларни Давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш кўрсаткичларини белгилайди. Мазкур танловда иштирок этиб, ўқишга тавсия этилганларга белгиланган вилоятда ва жойда ишлаб бериш шарти қўйилади.
Аслида буни имтиёз дейиш бироз нотўғри. Чунки бу тартиб-қоида ўша ҳудудлардаги тиббиёт ходимларига бўлган талаб ва эҳтиёжни қондириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Мақсадли қабул орқали ўқишга кирган абитуриент олийгоҳни битиргач, ўз ҳудудида Давлат комиссиясининг алоҳида қарори билан белгиланадиган ва шартномада кўрсатилган муддатда, масалан, уч-беш йилгача ишлаб беради. Борди-ю, у шартномада белгиланган шартлар бўйича ишлашдан бош тортса, юборилган жойда ишлашни истамаса, бунинг сабаблари ўрганилиб, шартномада белгиланган тартибда иш кўрилади.
— Қарорда тўлов-контракт суммасининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган баллига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилиши белгиланган. Дейлик, абитуриент имтиҳонда 68 балл тўплаб, ўқишга кира олмади. Рўйхатда эса ўзидан юқорида турган «йиқилган» абитуриентлар қабул қилиниб, қабул квотаси ўрни тўлди. Шундай ҳолда абитуриент ўз йўналиши бўйича бошқа олийгоҳга эҳтиёжи бор. Оширилган нархдаги контрактни тўлаб, таҳсил олса бўладими?

















