Аллоҳ Қуръони Каримнинг Бақара сураси 183-184-оятларида шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан олдин ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши касал ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади”.
Оятнинг сўзларига эътибор қаратадиган бўлсак, Рамазон ойидаги кунлар саноқли, чегараланган. Бундан келиб чиқадики, мана шу кунларда ҳар бир инсон яхши амалда бўлиши, қалбини поклаши ва қилган гуноҳлари учун тавба этиши зарур. Чунки ушбу муборак ойнинг кунлари саноқли, унинг ҳар бир кунига ёғдириладиган барака, яхшилик ва омонлик доимий эмас.
"Баҳжатул анвар" китобида қуйидагича нақл келади: Рўзани ўттиз кун қилиб белгиланишидаги ҳикмат шуки, айтишларича отамиз Одам жаннатда ўзларига ман қилинган дарахт мевасидан еб қўйгач, у емиш ўттиз кун қоринларида қолди. Сўнгра Аллоҳга тавба қилдилар. Шунда Аллоҳ унга ўттиз кеча-кундуз рўза тутишни буюрди. Чунки дунёнинг лаззати тўрттадир. Биринчиси ейиш. Иккинчиси ичиш. Учинчиси жимоъ. Тўртинчиси уйқу. Бу лаззатлар бандани Аллоҳдан тўсувчидир. Аллоҳ таоло Ҳазрати Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у зотнинг умматларига фазл-карами билан фақат кундуз куни рўза тутишни фарз қилиб, кечқурунда еб-ичишга рухсат берди.
Шу сабабдан инсон Рамазон ойида ўзи учун, охирати учун зарур бўлган фойдаларни билиб олиши керак. Аслини олганда ушбу ойда олинадиган фойдалар жуда кўп, чунки Яратганнинг ўзи бу ойда қилинган ҳар бир яхши амалга минг савоб қўшиб ёзади. Қуйида келтириладиган фойдалар эса ана шуларнинг энг аълоси ва эътибор қаратиладиган тавсиялардир.
1. Гуноҳларнинг мағфират қилиниши

Инсон боласи бор-ки, билиб ёки билмасдан гуноҳга қўл уради. Аммо барча ҳам бу қилган ишига астойдил тавба қилмайди. Кўнгли ғаш бўлсада, яна ўз ҳаёти йўлида давом этиб кетаверади. Рамазоннинг энг катта фойдаларидан бири – шу ойда астойдил тавба қилишдир. Чунки "Зубдатул воизийн" китобида қуйидаги ҳадис келтирилади: Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилган ҳадисда айтилганки: “Ким Рамазон ойи рўзасини иймон ва ихлос билан тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади”. Демак бу жуда катта имконият, ана шу имкониятдан фойдаланиб ҳам гуноҳлардан покланиш, ҳам савобга эга бўлиш мумкин.
2. Аллоҳнинг ўзидан мукофот олиш
Бу дунёда қилинган ҳар бир яхши ният, яхши амал учун охиратда бандаси мукофотланади. Қилган яхшилигига кўра, унга ажр берилади. Аммо рўзадорнинг мукофотини Аллоҳнинг ўзи беради. Тасаввур қилиш учун айтиш мумкинки, бу ҳудди ҳаётий дунёда мамлакат подшоҳининг шахсан ўзидан мукофот олгандек. Қиёматда бутун инсоният ичида Аллоҳнинг шахсан ўзидан мукофот қабул қилиш банданинг саодатидан нишонадир. Бунинг учун ихлос ва иймон билан рўза тутиш зарур бўлади. Шунинг учун ҳам рўза банда ва Раббининг ўртасидаги хос ибодат деб айтилган. Аллоҳ таоло рўзага ажр бериш ёлғиз ўзига тааллуқли эканини айтди, яъни: "Рўза Менинг учундир. Мукофотини ўзим бераман", деди.

















