Ўзбекистон | 14:00 / 29.05.2017
67123
2 дақиқада ўқилади

Давлат тест маркази раҳбари ўзгарди

Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари  Каримов Мажит Маликович Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори этиб тайинланди. Бу ҳақида "Кун.uz"​ манбаси хабар берди.

Мажит Каримов Ислом Каримов номини олган Тошкент давлат техника университети ректори, 2016 йилдан - бош вазир ўринбосари, кейин эса Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Таъкидлаш жоизки, М.Каримов ушбу лавозимда Тест марказини 2014 йилдан бери бошқариб келган Жаҳонгир Исмоиловнинг ўрнини эгаллаган. 

"Кун.uz" ходими мазкур хабарни расман тасдиқлатиш мақсадида ДТМ директор ўринбосари Ҳақбердиев Қ.Қ. қабулхонасига қўнғироқ қилди. Гўшакни кўтарган инсон ўзини таништиришни ҳам истамай, "Ёзма равишда мурожаат қилинг, жавоб берамиз, раҳмат" деганча уни қўйиб қўйди... 

Тезкорлик замон талаби бўлган бир даврда давлат идоралари ходимларининг бундай жавоблари кишини ўйлантириб қўяди, гўёки сўнгги вақтларда тадбирларда бот-бот такрорланаётган "барча саволларга жавоб берилади" деган гаплар ҳавода муаллақ қолиб кетгандек тасаввур уйғотади шундай пайтларда. Ҳолбуки, ДТМ сайтида собиқ раҳбарнинг исми шарифи олиб ташланган, ҳаммаси аён бўлиб турган вақтда ДТМнинг ўзида жимлик. Наҳотки, биргина хабарни тасдиқлаш - "ҳа" ёки "йўқ" дея жавоб бериш қийин бўлса?!

 

Мавзуга оид