ЎзА расмий сайтида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш  ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига шарҳ эълон қилинди.

Мамлакат ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш — юртимизда амалга оширилаётган, энг аввало, иқтисодиётнинг барча тармоқларини, шу жумладан, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ ҳамда узлуксиз таъминлаш, технологик жиҳатдан ва маънавий эскирган инфратузилмаларни модернизация қилиш бўйича амалий чораларни кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2017–2021 йиллар давомида паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури доирасида 2,5 миллион нафардан ортиқ истеъмолчиларнинг энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 34 минг километр электр тармоқлари ҳамда 6,9 минг дона трансформаторларни модернизация қилиш бўйича 835,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, соҳада юзага келган аҳвол ва қонунийлик ҳолатининг таҳлили ўз ечимини кутаётган жиддий муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигига қарамасдан, мутасадди идоралар томонидан уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўрилмаётганлигини кўрсатмоқда.

 

Жумладан, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АК фаолиятини ташкил этишдаги хато ҳамда камчиликлар, шунингдек, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш ва дебитор қарздорликни камайтириш билан боғлиқ муаммолар энергия таъминоти соҳасини янада ривожлантириш борасида белгиланган мақсад ва вазифаларни изчиллик билан амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Шартнома мажбуриятларини бажармаётган истеъмолчиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилмаётгани, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишларининг оқсаётгани дебитор қарздорликнинг кескин ортиши, талон-тарожликлар ва истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловлардан бўйин товлаш ҳолатларига олиб келмоқда.