30 май куни Тошкент шаҳрида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда 2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ҳудудларига ташрифлари давомида ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларнинг ҳолатини танқидий таҳлил қилиш ва баҳолаш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақида ЎзА хабар берди. 

Йиғилишда айрим тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларида масъулият, талабчанлик ва ташаббускорлик етишмаётгани, бунинг оқибатида кўпгина инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилаётгани қаттиқ танқид қилинди. Жумладан, шу йилнинг биринчи ярмида 10 лойиҳа бўйича объектларни ишга тушириш муддатлари асоссиз равишда кечиктириб юборилгани, 9 лойиҳани молиялаштириш бўйича шартномалар тузиш, 10 лойиҳа юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлаш ишлари пайсалга солиб келинаётгани аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди. Тармоқлар раҳбарлари ва лойиҳалар ташаббускорлари олдига ана шундай муаммоларни тезлик билан ҳал қилиш, бу борадаги қолоқлик ҳолатларини бартараф этиш қатъий вазифа қилиб қўйилди.

Давлат раҳбари инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмаслиги оқибатида замонавий объектларни ишга тушириш муддатлари кечикиши, бу эса талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг бозорга етиб боришига, қанча-қанча одамлар, аввало, ёшларнинг иш билан таъминланишига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб, бундай ҳолатларга йўл қўйган мутасадди раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Йиғилишда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги сусткашлик сабабларидан бири энг қуйи тизимда, яъни, ташаббускор тузилмалар ва лойиҳа институтлари даражасида тегишли ҳужжатлар етарлича пухта ишлаб чиқилмаслиги билан боғлиқ экани қайд этилди.

Ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллардан аён бўлмоқдаки, айрим истиқболсиз лойиҳаларни Инвестиция дастурига киритиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, уларнинг молиялаштириш манбалари ва мақсадли стратегияси аниқ белгиланмаган, кутилаётган натижалар бўйича зарур ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилмаган.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари томонидан тегишли вазирлик ва идораларга икки ой муддатда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Инвестиция дастурини шакллантириш ва уни амалга ошириш, истиқболли инвестиция лойиҳалари базасини яратиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш ҳақида топшириқлар берилди.

Бу борада келгуси йил учун мўлжалланган Инвестиция дастурига фақат пухта ишлаб чиқилган, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёр ва молиялаштириш манбалари аниқ бўлган инвестиция лойиҳаларини киритишга алоҳида эътибор бериш зарурлиги таъкидланди.