Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва самарали бартараф этиш аҳолининг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларига эришишда муҳим аҳамиятга эга.
Иқтисодиёт тармоқлари жадал ривожланаётгани, ишлаб чиқариш технологияларининг мураккаблашиб бораётгани, ишлаб чиқариш объектларининг аҳоли пунктларига яқин жойлаштирилаётгани, аҳоли сони кўпайиб, урбанизация жараёни тезлашаётгани, хавфли табиий жараёнларнинг тез-тез содир бўлаётгани ва кўлами кенгайиб бораётгани, шунингдек, трансчегаравий хавфларнинг мавжудлиги табиий ҳамда техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар пайдо бўлиш хавфини янада оширмоқда.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлар, техноген авария ва фалокатлардан ҳимоя қилиш бўйича яхлит давлат тизими, зарур меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилди, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек, аҳолини фалокатлар пайтида ҳаракат қилишга тайёрлаш борасида кўлами ва мазмуни жиҳатидан улкан ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, амалдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизими фаолиятининг таҳлили мамлакат аҳолиси ва ҳудудларини табиий офатлар, техноген авария ва ҳалокатлардан муҳофаза қилишга салбий таъсир кўрсатаётган бир қатор муаммоли масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш тизимини янада модернизация қилиш талаб этилади. Ушбу тизим бугунги кунда хавфли гидрометеорологик ҳолатларнинг мавжуд хавф-хатарларини ҳамда улар юз берганда ҳаракат қилиш механизмларини манзилли аниқлаш имконини бермайди.
Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятларда ҳимоя қилиш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун мамлакатимизнинг мавжуд илмий салоҳиятидан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан етарли даражада фойдаланилмаяпти. Қутқарув тузилмаларининг моддий-техник таъминоти, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятларда ҳимоя қилиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, фуқароларни бундай вазиятлар рўй берганда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш, хавфли табиий жараёнлар кучайиши билан боғлиқ мавжуд хатарлар, шунингдек, техноген авария ва ҳалокатлар хавфи тўғрисида ўз вақтида ва аниқ хабардор қилиш тизими бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга оширишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.











