2017 йил бошидан Facebook раҳбари Марк Цукерберг АҚШ штатлари бўйлаб саёҳат қилмоқда. У маҳаллий аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, бирга тушлик қилмоқда, шунингдек ўз ижтимоий тармоғи аудиторияси билан яқиндан танишмоқда.

Цукерберг унинг кутилмаган саёҳатидан мақсади фақатгина танишув эканини таъкидласа-да, ишбилармоннинг қарашлардаги ўзгаришлар бир саволни келтириб чиқаради: ижтимоий тармоқ раҳбари сиёсий карьерани бошлашга тайёрланяптими ёки Facebook'нинг бироз путур етган нуфузини тиклашга уриняптими? TJ шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

 

Президентлик ҳақидаги миш-мишлар

Марк Цукерберг ҳар йили ўз олдига катта мақсад қўяди:

2013 йилда у ҳар куни янги инсон билан танишишга қарор қилди.
2014 йилда - ҳар куни миннатдорчилик мактубини битди.
2015 йилда у шахсий китоб клубини очди ва бир йилда 23 китобни ўқиб чиқди.
2016 йилда Цукерберг деярли 590 километр масофага югурди.
2017 йилнинг январида эса унинг ваъдалари бошқача тус олди: Facebook раҳбари йил охирига қадар Американинг барча штатларини айланиб чиқиш режаси ҳақида маълум қилди.

Ўшандан буён ғарб ОАВда ишбилармоннинг сиёсий режаларига доир мақолалар пайдо бўла бошлади. The Guardian, Vanity Fair ва The Atlantic нашрларида Цукерберг АҚШ президентлигига ўз номзодини қўйиш ҳақида ўйлаётгани ва шу боисдан ўз имиджи борасида қайғураётганига оид назария илгари сурилди.

Цукербергда очиқ диний қарашларнинг пайдо бўлиши (бусиз ҳеч бир инсон ҳали президент бўлган эмас), фаол хайрия фаолияти, президентлар кампанияларининг собиқ менежерлари билан ҳамкорлик ва амалдаги ҳукуматга танқидий муносабат натижасида бу назария янада мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, Facebook раҳбарининг яқинда қўлга киритган нуфузли Ҳарвард университети дипломи (у 2005 йилда Ҳарварддаги ўқишини ташлаб кетган) журналистларни янада сергаклантирди. Расман олганда олий маълумотга эга бўлмаган инсон ҳам АҚШ президенти бўлиши мумкин, бироқ мамлакатнинг сўнгги дипломсиз президенти 1953 йилда ўз лавозимини тарк этган Ҳарри Трумэн бўлган.