Расмий Душанбе 2018 йил сўнгига қадар Тожикистонда барпо этилаётган Роғун ГЭСининг бирйўла уч агрегати ишга туширилишини хабар берган. Ўзбекистон ушбу ГЭС қурилишига ниҳоятда шубҳали муносабатда. Ўзбекистон томонининг фикрича, ушбу тўғоннинг барпо этилиши сувнинг ифлосланишига сабаб бўлади, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.
Бу баҳсларни тартибга солишнинг имкони борми? Марказий Осиёнинг ягона энергетик ҳалқасининг тўлақонли қайта ишга туширилиши қандай имкониятларни тақдим этади? «Евразия.Эксперт»нинг ушбу саволларига «Марказий Осиёнинг сувдан фойдаланиш ва сув-энергетика ресурслари муаммоларини тадқиқ этиш институти» (Бишкек, Қирғизистон) халқаро жамоатчилик фонди эксперти Зулфия Марат жавоб берди.
— Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи қурилишига нисбатан эътирозлари ва хавотирлари нечоғлик асосга эга?
— Яқин қўшниларнинг ҳар қандай хавотирлари ва ташвишлари албатта, доимо эшитилиши, бир неча бор муҳокама этилиши ва алал-оқибатда тарқатилиши керак, чунки гап ҳақиқатдан ҳам баланд тоғ шароитларида барпо этилаётган йирик гидрообъект ҳақида бормоқда. Яъни, лойиҳа ўзининг қурилиш жараёнида ҳам, фойдаланиш жараёнида ҳам маълум бир, назорат этиб бўмайдиган рискларга эга.
— 2012 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов «Ҳаммаси шу қадар чуқурлашиши мумкинки, бу нафақат кескин қарама-қаршиликлар, балки уруш ҳам келтириб чиқариши мумкин», деган эди. Чиндан ҳам можаро ўткир фазага ўтиши мумкинми?
— Икки мамлакат президентлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги учрашувлари уларнинг эзгу ниятлари туфайли музокараларнинг янги босқичлари бошланишига умид уйғотмоқда.
— ГЭС қурилиши фақатгина Ўзбекистоннинг манфаатларига дахл қиладими? Қўшни давлатларда, хусусан, Қирғизистонда лойиҳага муносабат қандай? Лойиҳадаги зиддиятлар нималардан иборат?
— Марказий Осиёнинг ягона энергия тизими, яъни «энергия ҳалқаси» совет даврида ягона ҳудудий-ишлаб чиқариш минтақавий комплекси эҳтиёжлари учун яратилган эди. Тизим Тожикистон ва Қирғизистондаги Ўрта Осиё сув минораларида «бураб» ишга тушириладиган «соз соат»дек ишлаб турган. Бу аксиома ҳозир унутилмоқда. Бизнинг барчамиз бутун бир организммиз, мамлакатларимизнинг энергия тизимлари бир-биридан ажратиб бўлмас яхлит таркибий қисмдан иборат эди.
Энергия ҳалқаси частотасини созлашни Қуйи Норин ГЭС каскадисиз бажариш иложсиз эди, сув ва электр энергиясининг оқимларини ўзбек энергетикаси аралашувисиз тартибга солиб бўлмасди. Баҳор-ёз мавсумларида Қозоғистон ва Ўзбекистон далаларини суғориш учун ГЭСлар барпо этилган баланд тоғларда сувни иқтисод қилиш учун тўрт давлат энергия тизимлари қишки ва вегитацион даврларда ўзаро оқим алмашишга муҳтож. Бунинг ўрнига, мамлакатлар ўртасида энергия ҳалқасининг қисман узиб қўйилиши туфайли 1991 йилдан сўнг ўтган кўп йиллар мобайнида Қирғизистон ва Тожикистон қишда ГЭСлардан тўлиқ қувват билан фойдаланишга мажбур бўлиб қолишди, бу эса дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган давлатлар (Ўзбекистон ва Қозоғистон)да сув тошқинлари келтириб чиқара бошлади.















