Жамият | 09:55 / 07.06.2017
14301
4 дақиқада ўқилади

Ўз янгасини пичоқлаб ўлдирган шахс узоқ муддатга қамалди

Ака-ука оиласи билан ота ҳовлида бирга яшардилар. Вақт ўтиши билан икки овсин ва оға-инилар ўртасига турли сабабларга кўра совуқчилик тушди. Жамол акаси Шерали ва янгаси Жамилага “Бу ҳовли менга тегишли, сизлар уй қуриб, чиқиб кетинглар”, деб талаб қила бошлади. Ана шундай гаплар Жамол ва янгаси Жамила ўртасида келишмовчиликни юзага келтирди. Улар бир-бири билан гаплашмас, Жамол уйга маст бўлиб келганида, албатта Жамила билан жанжал чиқарарди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Шерали тош терувчи уста эди. Кунларнинг бирида у укасини ҳам ишга бирга олиб кетди. Кеч бўлганида эса уйларига қайтишди.

-  Бугун анча яхши ишладик, - деди йўлда келаётганларида Шерали укаси Жамол ва шериги Акмалга. – Шу сабаб хўжайин озроқ пул берган эди. Юринглар, шу пулларга сенларга “зиёфат” бераман.

Шундан сўнг учаласи дўконлардан бирига кириб, спиртли ичимлик олиб ичишди. Аммо Жамол бунга қаноат қилмади.

-  Сизлар кетаверинглар, мен кейинроқ бораман, - деди у.

Укасининг феълини яхши билган Шерали индамади. Акмал билан дўкондан чиқиб, уйига кетди. Жамол эса яна ичди. Бунга ҳам қаноат қилмай уйида ичиш мақсадида бир нечта спиртли ичимликни ҳам олди. Бу пайтда ичимлик ўз таъсирини кўрсатиб, Жамол анча маст бўлиб қолган эди. У бир амаллаб уйига кириб келганида онаси Назира ва турмуш ўртоғи Нигора супада чой ичиб ўтиришган экан. Жамол уларнинг ёнига ўтириб, олиб келганини ичди.

Эндиликда у ўзини идора қилолмас, оғзидан ҳар хил бўлмағур сўзлар чиқа бошлади. Бу пайтда Жамила иш билан уйидан чиқиб қолди. Уни кўрган Жамол эса янада “қутур”ди. Янгасини куракда турмас сўзлар билан ҳақорат қила бошлади.

-  Мен сизга нима қилдим, нимага мени ҳақорат қиласиз? – деди Жамила.

Бу гап эса қизиб турган мойга гугурт чаққандек бўлди. Жамол ножоиз сўзлар билан ҳақоратлашни янада авж олдирди. Қайнукасининг мастлигини, унга ҳозир бас келиб бўлмаслигини билган Жамила “Э, бор-е”, дея ортига қайтди.

Бу муомалага чидай олмаган Жамол шахт билан ўрнидан турди. Жамилага етиб олиб, унинг юзига бир мушт туширди. Ўзини ўнглаб олган Жамила эса Жамолни итариб юборди. Мастлик натижасида шундоқ ҳам оёғида зўрға турган Жамол йиқилиб тушди. Ўрнидан туриб яна урмоқчи эди онаси Назира ўртага тушди. Бу ҳолатга чидай олмаган Жамол “Ҳали шунақами, ҳозир сени ўлдираман”, дея уйига кириб кетди. Стол устидан турган ошхона пичоғини олиб чиқиб, Жамиланинг ортидан югурди. Етиб олгач, Жамиланинг елка қисмига пичоқ урди. Танасида кучли оғриқ сезган Жамила додлаганча уйга қочиб кирди. Аммо Жамол бунга қаноат қилмай, Жамилага етиб олиб, унинг дуч келган жойига пичоқни санчиб олаверди. Бу пайтда шовқинни эшитиб югуриб келган Шерали ва бошқалар Жамолни ташқарига олиб чиқишди. Аммо улар анча кеч қолган эди. Оғир жароҳат олган Жамила аллақачон ҳаёт билан видолашган эди...

Мазкур жиноий ишни атрофлича кўриб чиққан суд Жамол Ғайратовни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Мавзуга оид