Жаҳон | 17:45 / 10.06.2017
43071
3 дақиқада ўқилади

Қатар ташқи ишлар вазири Москвага нега келди?

Фото: РИА "Новости"

Доҳа Москва билан конструктив руҳдаги мулоқотни давом эттиришга умид қилмоқда. Бу ҳақда Қатар ТИВ раҳбари Муҳаммад бин Абдураҳмон ал Таний Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда маълум қилди.

"Биз минтақавий ҳолат масалалари бўйича конструктив мулоқот ўтказдик ҳамда умид қиламизки, икки дўстона давлат ўртасидаги бундай ҳамкорлик келажакда ҳам давом этади", - деган ал Таний.

Сергей Лавровнинг маълум қилишича, Москва Форс кўрфази давлатлари учун асосий таҳдид – бу терроризм эканига, у билан самарали кураш учун эса минтақа давлатлари ва ташқи ўйинчилар бирдамлигини таъминлаш кераклигига ишончи комил.

"Албатта, рўй бераётган нарсалар ичида энг асосийсини кўриш муҳим, асосийси эса, бизнинг фикрча, минтақа ва ундан ташқаридаги давлатлар учун бугунги кундаги энг асосий таҳдид – терроризмдир. Бу таҳдиднинг олдини олиш ва йўқ қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, ҳамкорликка бирлашиш жуда муҳим", - деган Лавров ал Таний билан музокаралар давомида.

Унинг сўзларига кўра, "бу фронтдаги максимал даражада самарали ҳаракатлар учун ҳам Араб давлатлари лигаси, ҳам Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгашида бирдамликни таъминлаш керак".

Қатар ТИВ раҳбари Россияга қатор мамлакатлар Доҳа билан дипломатик алоқаларни узишганидан кейинги оқибатларни бартараф этишдаги ёрдам учун миннатдорлик билдирди.

"Қатарга қарши киритилган ноқонуний чоралар оқибатларини енгиб ўтишда ёрдам таклиф қилган Россия муассасаларига миннатдорлик билдирмоқчиман. Мен давлатларимиз ўртасидаги шундай ҳамкорликни жуда қадрлайман", - деди у.

"Мен шуни тасдиқламоқчиманки, Қатар барча зиддиятларни мулоқот ёрдамида ҳал этилишига оид ўз позициясини ўзгартирмайди, ҳамда Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бундай мулоқот учун энг қулай шаклдир", - деди ал Таний.

"Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – Россияни Қатарга қарши киритилган чоралар, ҳодисалар билан таништириш. Хусусан, мамлакатимизга нисбатан қабул қилинган ноқонуний чоралар билан ҳам. Қатар барча зиддиятни мулоқот йўли билан ҳал қилиш бўйича позициясини ўзгартирмайди", - деди у.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони, Баҳрайн, БАА, Миср, Яман, Ливия, Мальдив, Маврикий, Мавритания ва Комор эса Қатар билан дипломатик алоқаларни узишди ҳамда ушбу мамлакатни терроризмни қўллаб-қувватлашда айблашди.

Мавзуга оид