Ҳурматли таҳририят ходимлари. Бугунги кунда президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ўта долзарблиги ва ҳаётийлиги билан халқни қувонтирмоқда.

Айниқса, аҳолига арзон ва сифатли уйлар қуриб бериш тўғрисидаги қарорлари кўпчиликни кайфиятини кўтариб юборди. Мамлакатимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлар билан ҳар куни Kun.uz сайтида танишиб борамиз. Бундан ташқари, таҳририятнинг жонкуяр раҳбар ва ходимларининг ташаббуслари билан бир қатор муаммолар ҳам ўз ечимини топаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Сизга маълумки, биринчи Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ жойларида кўплаб намунавий лойиҳалар асосида уйлар қурилиб фойдаланишга топширилди. Хусусан Навоий вилоятида ҳам бир қанча массивларда янги уйлар барпо этилди. Ушбу намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларда барча шароитлар яратилган бўлиб, шаҳар уйларидан ҳеч ҳам қолишмаслиги тўғрисида телевизорда кўрсатишади.

Бошқа вилоятларда қурилган уйлар билан бизнинг массивдаги уйларни солиштириб кўрганимизда ер билан осмонча фарқ бор. Бошқа вилоятларда қурилган уйларни бориб кўрганимизда тўғриси жуда ҳавасимиз келган эди. Биз ҳам Навоий вилояти Кармана тумани «Варқ» массивида 2012–2013 йилларда (180 та уй) қуриб, фойдаланишга топширилган уйлардан яхши ният билан олган эдик.

Лекин минг афсуски, биз яшаётган уйлар қурилганига эндигина 3–4 йил бўлган бўлса-да, 50–60 йил илгари қурилган уйлар кўринишига келиб қолган. Ҳар йили уйларимизни ташқи ва ички кўринишини таъмирласак-да, сизот сувларининг яқинлиги боис деворлар нураб бормоқда. Кўпчилик уйларнинг пойдевори чўкиб, деворлари ёрилиб кетган.

Биринчи муаммо: Уйларимизнинг кун ботиш томонидан катта (кўтарма) ариқ ўтказилган бўлиб (ҳозирги кунда фойдаланилмайди) ушбу ариқ шу ерда яшовчи аҳоли учун жуда катта зарар келтирмоқда. Ушбу кўтарма ариқни фермерлар ерларини суғориш учун тайёрлашган, лекин бугунги кунда ундан фойдаланишмайди, чунки фермерлар учун бошқа бетон ариқ ўтказилган. Кўтарма ариқнинг баландлиги уйларимизнинг томи билан деярли тенг. Ариқдаги сув дамланиб қолиши эвазига уйларимизни зах босиб кетаяпти, қазилган канализация қудуқлари ва ҳожатхона ҳандақлари сувдан тўлиб қолмоқда. Ушбу ариқ атрофи ва ариқ ичини қамиш ва турли ёввойи ўтлар босиб кетганлиги сабабли жуда хунук манзара акс эттириб турибди. Уйларни қуриш пайтида экинларни суғориш учун оқава сув келадиган кичик бетон ариқчалар қурилмаган, натижа экинларни суғориш ҳам муаммо бўлиб келмоқда.