Журналист Шуҳрат Шокиржонов қўшиқчиларнинг солиқ тўлаши кераклиги мавзусини яна давом эттирди ва ўз позициясини янада кенгроқ баён қилди. У шу мавзудаги иккинчи мақоласида биринчи мақоладан кейин билдирилган эътирозларга жавоблар қайтарган.

Мақолани савол билан бошламоқчиман: 

Ўзбекистон Қаҳрамони унвони нуфузлироқми ё айрим артистларимизнинг «Ўзбекистон халқ артисти» унвоними?

Уруш қатнашчилари давлат томонидан кўрсатиладиган имтиёзга лойиқми ёки тўрт мучаси соппа-соғ «хизмат кўрсатган артист»ларимизми?

Доимий парваришни талаб қиладиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота-онадан бири кўмак ва ардоққа муҳтожроқми ёки бирор тайинли қўшиғи бўлмаса-да, сомон қўшилган «лойсувоқ»қа арзимаса-да, ўзларини «Сомон йўли галактикасида хизмат кўрсатган мегаюлдуз» ҳисобловчи «отарчи»лар?

Нега унда солиштиришда биринчи саналганлар даромадидан солиқ тўлашда қисман имтиёзга эга-ю, «Ўзбекконцерт»нинг тегишли лицензиясини қўлга киритган барча турдаги санъаткорлар Солиқ кодексига кўра, тўй-томошалардан топган даромадларидан солиқ тўлашдан тўлиқ озод қилинган?

Куни-кеча Кун.uz сайтида эълон қилинган «Озодбек Назарбеков тўғри гапирди, лекин...» мақоласи санъатимизнинг ёш ва ўрта авлод вакилларига мурожаат эди. Агар уларни бир футбол жамоасига қиёсланса, унинг сардорига мурожаат — аслида бутун жамоага мурожаат ҳисобланганидек, гап фақат Озодбек Назарбеков ҳақида эмас эди. Биламиз, ушбу санъаткоримиз шак-шубҳасиз, замонавий санъатимизнинг дарғаси ҳисобланади, жуда кўп нарсада аксариятга ўрнак бўлиб келган, келаяпти, бўла олади. Мақоланинг сўнгида «гапирманг», деганимда ҳам у киши назарда тутилмаганди. Албатта, О.Назарбеков, Ш.Қаюмов, Ғ.Ёқубов каби устоз санъаткорларнинг ҳар қанча сўзга чиқишга ҳақлари бор. 

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик ўқувчилар мақола моҳиятини нотўғри тушуниб, ёппасига Озодбек Назарбековни танқид остига олишган, ўзларича талқин қилишган. Яна бир марта такрорлайман, мақола Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ҳақида эмас. 

Мақола эълон қилинганидан кейин ижтимоий тармоқлардаги шарҳлар орасида «журналистлар бировнинг пулини санаши яхши эмаслиги», «отарчиларнинг солиқ тўлаши билан журналист эмас, солиқ идоралари шуғулланиши кераклиги» ҳақида ўзбекона койишнамо маслаҳатлару изоҳлар ҳам учраяпти. Шу нарса ойдинлашаяптики, лицензия учун ҳақни тўлаб қўйдикми, солиқдан озодмиз ёки лицензия тўлови — ўша солиқ дегани, деб тушунувчилар жуда кўп экан.