"Питтсбург Пингвинз" 5 карра Стэнли кубоги ғолиби бўлди
"Питтсбург Пингвинз" хоккей жамоаси Миллий хоккей лигасининг Стэнли кубоги ғолиби бўлди.
Жамоа Тошкент вақти билан 12 июнга ўтар кечаси лиганинг финал сериясида "Нэшвилл Предаторз" устидан 4-ғалабага эришиб, лиганинг жорий мавсумдаги ғолиби бўлди. Учрашув 2:0 ҳисобида якунланди.
"Питтсбург" 3-бўлим тугашига 2 дақиқа қолганда Хёрнквистнинг фаоллиги эвазига учрашувдаги ҳисобни очди. Шунда нэшвилликлар кўпчилик бўлиб ўйнаш мақсадида дарвозабонни 6-ўйинчига алмаштиришди, бироқ бу уларнинг дарвозасига 2-шайба кириши билан тугади.
Шу тариқа сериядаги умумий ҳисоб "Питтсбург" фойдасига 4-2 бўлди. Питтсбургликлар уйларида ўтган илк икки учрашувни 5:3, 4:1 ҳисобида ютишиб, меҳмонда 2 марта 1:5, 1:4 ҳисобида ютқазишганди. Сериянинг 5-учрашувида улар рақибларини 6:0 ҳисобида тор-мор этишиб, 6-учрашувни ҳам ўз фойдаларига ҳал қила олишди.
"Питтсбург" эндиликда ушбу кубокнинг 5 карра ғолибига айланди ва уни кетма-кет 2-йил қўлга киритмоқда.