Ҳаётда ўзгаларнинг ҳақига тажовуз қиладиган, ўзгалар молини ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга уддабурон кишилар бўлиб кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир.
Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар.“Муфлис (ҳеч вақоси йўқ ночор) ким биласизларми? Саҳобалар: бизнинг орамизда бирор нарсаси, бирор дирҳами ҳам бўлмаган киши муфлисдир, дейишди. Шунда Расулуллоҳ менинг умматимдан ҳақиқий ночорлар шундай кишиларки қиёмат кунида намоз, рўза, закотлари билан келишади, шу билан бирга, дунё ҳаётида мана буни сўккан, яна бирини айблаган, бошқа бирининг молини еган ва яна бошқасининг қонини оқизган, яна бирини ноҳақ урган. Бас ундай кишининг яхши амаллари қиёмат кунида ана у ҳақдорига олиб берилади агар ҳақдорининг ҳар бирига ҳақлари олиб берилгунга қадар яхши амаллари тугаб қолса уларнинг хатолари олиниб бунга юкланади сўнгра дўзахга улоқтирилади”, - дедилар.
Ҳа, ҳақиқий ночорлар мана шу тоифадаги кишилардир. Агар яхшилиги бўлса ҳам ўзгаларини алдаб, молини ўзлаштиргани боис ўша яхшилигидан ҳам маҳрум бўлувчилардир.
Ҳаёт тақозоси билан инсонлар доимо бир-бирлари билан турли хил молиявий муомала қилишга муҳтождирлар. Лекин бу алоқада мақсадни ҳалол йўл билан амалга ошириш, ҳаром йўллардан ва ўзгаларни ҳақ-ҳуқуқларига ҳамда мол-мулкларига тажовуз қилмаслик шартдир.
Ҳаётда ўзгаларнинг молига кўз олайтириб, уларга хиёнат қилганлар қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб берадилар ва албатта ҳақлар Аллоҳ тарафидан ўз эгаларига олиб берилади. Дунёда қилган тажовузлари, хиёнатлари уларга аламли азобнинг келишига сабаб бўлади. Қуръони Каримнинг Нисо сурасида Аллоҳ Таоло айтади:
“Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ йўл билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, бундан мустасно”.
Бировни ҳақини ейиш икки хил йўл билан бўлади: биринчиси – зулм орқали. Бунга зўрлик билан тортиб олиш, хиёнат, ўғирлик, талончилик билан ейиш киради. Иккинчиси ҳазил – ўйин орқали. Бунга қимор ва турли эрмаклар киради. Расулуллоҳ яна айтадилар: “Ким қаердан мол топаётганига эътибор бермаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига эътибор бермайди”. Демак, ҳар бир инсон ўзини бу ишлардан эҳтиёт қилмоғи лозим. Бугунги кунда товламачилик, ўзгалар ҳақига тажовуз қилишнинг бир қанча кўринишлари оммалашган.
Жумладан, тижоратда ўз шеригига хиёнат қилиш, бозорларда тарозидан уриш ёки молни айбини беркитиб сотиш, қарз олиб қайтариб бермаслик ва ҳоказолар бу ишлар айрим ибодатли кишилар, ҳатто айрим ҳажга борганларнинг орасида ҳам учраётганлиги аччиқ бўлсада ҳақиқат. Бу каби ишлар оилалардан, жамиятдан барака кўтарилишига сабаб бўлиб, инсонлар орасида ишончсизлик, адоватни пайдо қилади.
















