Жаҳон | 15:12 / 13.06.2017
7185
2 дақиқада ўқилади

Мюнхенда отишма, жабрланганлар бор

Фото: AFP

Германиянинг Мюнхен шаҳрида юз берган отишма натижасида уч киши жабрланди, ҳужум қилган шахс ҳам яраланди. Бу ҳақда N24 телеканалининг жонли эфирида полиция расмий вакили Михаэль Рилайн маълум қилди.

"Бизнинг ҳамкасбимиз оғир жароҳатланди, жиноятчи енгил даражада яраланди", - дея маълум қилди у. Қўшимча қилинишича, отишда давомида “яна икки киши жароҳатланган”.

Полиция маълумотига кўра, отишма "Унтерфоринг" бекатида Тошкент вақти билан соат 11.30да юз берди. Жиноятчи ҳужжатларни текшириб юрган полиция патрулига ҳужум қилди. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, у аёл полициячининг қуролини тортиб олган ва ундан ўқ уза бошлаган. Полиция ходимаси бошидан олган оғир жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилди. Яна икки нафар ўткинчи оғир даражада жароҳатланди.

Жиноятчининг ўзи иккинчи полициячи томонидан яраланди, у ҳам шифохонага етказилди. Полиция расмий вакили Маркус да Глориа Мартинснинг сўзларига кўра, жиноятчида ҳужум учун “диний ёки мафкуравий сабаб” бўлмаган, у “шахсий сабаб туфайли” шундай хатти-ҳаракатни амалга оширган. 

Мавзуга оид