Спорт | 12:02 / 15.06.2017
13044
2 дақиқада ўқилади

Қатарга қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин Жанубий Корея мураббийи ишдан бўшатилди

ЖЧ-2018 саралашининг 8-турида Қатарга қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин Жанубий Корея мураббийи Ули Штилике истеъфога чиқарилди.

Жанубий Корея Футбол Ассоциацияси техник қўмитаси раиси Ли Юн-Су матбуот анжуманида германиялик мутахассис Ули Штилике ишдан бўшатилгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Корея матбуотига асосланган ҳолда Франс Пресс агентлиги хабар тарқатди. 

Ушбу мутахассис 2014 йилнинг сентябрида терма жамоага бош мураббий этиб тайинланганди, у терма жамоада 2 йилу 9 ой ишлади ва 25 ғалаба, 5 дуранг ҳамда 8 мағлубият қайд этди. Бу эса 1979 йилдан буён энг яхши кўрсаткич (Фақат Жанг Кюн-Хваннинг натижаси бундан яхшироқ). Мураббий билан шартнома 2018 йилги жаҳон чемпионатигача тузилганди.

Штилике терма жамоа билан Осиё Кубоги финалида ўйнади, икки марта Шарқий Осиё Кубогида ғолиб чиқди.

Лекин кореяликлар 2018 йилги жаҳон чемпионати саралашида Эрон, Хитой ва Қатар терма жамоаларига қарши сафар ўйинларида ютқазди, Сурияга қарши ўйинда дуранг қайд этилди, ўз майдонидаги ўйинларда ҳам қийин ғалабаларга эришди.

Айни пайтда Жанубий Корея ЖЧ-2018 саралашининг А гуруҳида 13 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Қатарга қарши ўйиндаги мағлубият кореяликлар учинчи ўриндаги Ўзбекистон терма жамоасидан узоқлашиб кетишига имкон бермаганди.

Эслатиб ўтамиз, 14 июнь куни Қатар терма жамоаси бош мураббийи Хорхе Фоссати истеъфога чиққанди.

Мавзуга оид