Фан-техника | 10:26 / 19.06.2017
7965
3 дақиқада ўқилади

Microsoft’нинг янги ноутбуки таъмирлаш учун яроқсиз деб топилди

Турли қурилмаларнинг таъмирланишга яроқлигига баҳо берувчи iFixit портали  Microsoft’нинг янги Surface Laptop ноутбукига 10 баллдан 0 балл берди. Мутахассислар ноутбук бузиладиган бўлса, уни корпуси ёки бирор компонентига шикаст етказмасдан таъмирлашнинг иложи йўқлиги ҳақидаги хулосага келишган.

iFixit ходимлари дастлаб ноутбукнинг орқа қопқоғини очишга имкон берувчи бирор бир винтни топишга ҳаракат қилиб кўришган. Мутахассислар винтлар қурилманинг резина оёқчалари тагида бўлса керак, деб ўйлашган. Бироқ у ерда шунчаки металл қўйилмалар бўлган, холос.

Шунда iFixit’да алькантарадан (сунъий замшдан) тайёрланган клавиатура жилдини олишга ҳаракат қилинган, бироқ буни бешикаст қилишнинг иложи бўлмаган. Мутахассислар бунинг учун фендан фойдаланиб кўришган, бироқ у бир неча клавишани эритганигина қолган, холос. Шу босқичдаёқ ноутбукни корпусига бешикаст ҳолда бўлаклашнинг имкони йўқлиги аниқ бўлган. Кўчириб олинган жилдни жойига қайта ёпиштириб қўйиш ёки ундан такроран фойдаланишнинг имкони йўқ.  

Портал мутахассислари охир-оқибат ноутбукнинг ичига етиб боришга муваффақ бўлишганда унинг қисмлари махсус термоҳимоялагичлар билан ёпилгани ва уларни олгандан кейин ортга қайтариб қўйиб бўлмаслигини аниқлашган. 

Бўлаклаш якунлангач, мутахассислар ўз хулосаларини чиқаришган. 

Ноутбук ичини аккумуляторга ёпиштириб қўйилган корпуси ва клавиатурасига катта шикаст етказмаган ҳолда очиб бўлмайди.

Аккумуляторнинг ўзи эса шу тариқа жойланганки, уни алмаштириш учун ноутбукни тўлиқ бўлаклаш керак. Бироқ шундан кейин ҳам батарея корпусга ёпиштириб қўйилганига дуч келинади. Аккумуляторлар сервис марказларига мурожаат қилишга энг кўп сабаблардан бири бўлиши сабабли, бу ноутбукнинг ишлаш муддатини жуда қаттиқ чегаралайди.  

Ноутбукнинг процессор, тезкор хотира ва қаттиқ диски каби асосий қисмлари бош платага қалайлаб қўйилган. Бу эса уларни алмаштириш ёки янгилашни имконсиз қилади. Тезкор хотира ёки SSD билан муаммо чиққанда, бош платани тўлиқ алмаштиришга тўғри келади.

Қулоқчинлар учун мўлжалланган разъёмга (бу модуль ноутбукларда энг кўп ишдан чиқади) совитгич, вентилятор, дисплей ва бош платани ечибгина, етиб бўлади. 

Портал ўзининг 10 баллик таъмирлашга яроқлилик шкаласидан Surface Laptop’га 0 балл берди ва уни таъмирлаш "тунги даҳшат" каби эканлигини қайд қилиб ўтди.

Мавзуга оид