16 июнь куни, ниҳоят, мен анчадан буён кутган хабар мужда берди: давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабини бориб кўрар экан «мактаб билан коллежлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш, хусусан, ушбу мактабда тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб корхонаси ташкил этиш зарур»лигини таъкидлади.
Хўш, нима учун мен буни шунчалик кутгандим, аҳоли ичида кўпроқ юришим ва қолаверса касбим тақозоси юзасидан биламанки, 11 йиллик таълимнинг қайтишини аксарият фуқароларимиз интизорлик билан кутишяпти. Нега? Нима учун? Бу саволларга жавоблар шу қадар кўп ва хилма-хилки шу мақола тугал бўлиши учун энди бир бошидан ўз фикрларимни ёзмасам бўлмас.
Аслида, бу фикрлар юқорида айтганимдек, кўпчиликнинг бошида бор, бунинг учун олий маълумотли ёки алоҳида иқтидорга эга бўлиш шартмас. Аммо аччиқ ҳақиқат шундаки, мен ҳам кўпчилик каби шу вақтгача ҳақиқат кўзига тик қарай олмадим. Натижада эса кўп нарса йўқотдик, ҳа, жуда кўп нарса — бутун бир авлодни йўқотдик. Аниқроқ айтиш ҳам мумкин, одоб-ахлоқ емирилди, ёшлар ўртасида бир неча салбий кўрсаткичлар, жумладан, жиноятчилик ҳам ортди, вояга етмаган ғўр ёшлар илк марта ўқишга киришдаги ва баҳолашдаги тамагирликни ҳамда бандликни таъминлашдаги кўзбўямачиликнинг бевосита гувоҳига айланишди, бу уларни мурғак онгида қанчалик асорат қолдирганини ўйлашнинг ўзи даҳшат.
Айнан шу тизим 9-синф битирувчиларининг эмас уларнинг ота-оналари ўртасидаги худбинларча рақобатни кучайтирди. Бугун академик лицейлар ёки халқ ичида сал обрў қозонган касб-ҳунар коллежларининг ўқувчиларини ўқишга киришида уларнинг билими эмас, ота-онасининг пули ёхуд «танка»си ҳал қилувчи роль ўйнаётганлигини барча аллақачон тушуниб етган. Энг даҳшатлиси нима, биласизми? Бу кўзбўямачиликлар ҳақида ўша ҳали вояга етмаган, ҳали шахс сифатида тўлиқ шаклланмаган мурғак қалблар жуда кўп нарсани билишади. Эртага бу ёшлардан нима кутиш мумкин?
Қолаверса, бу тизим фуқароларга миллион-миллион, давлат ғазнасига эса миллиард-миллиард зарар етказаётгани, халқимизнинг пешона тери билан топилаётган катта-катта маблағлари ҳавога совурилаётгани энди яна бир мавзу, аммо халқимизда маънавият моддиятдан доим устун саналгани учун бу мавзуга чуқур кириб ўтирмайман.
Модомики, бу масала ниҳоят раҳбариятни ҳам ташвишга сола бошлаган экан, ҳеч бўлмаса энди бу тизимдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашимиз керакдек, назаримда. Шу мақолани тайёрлаш жараёнида эканман, ҳукумат топшириғи билан халқ таълими вазирлиги мутасаддилари томонидан ҳудди шу масалага нисбатан ота-оналарнинг муносабати ўрганиб чиқилди, натижалари эълон қилинди, натижа қувонарли, лекин мен кутгандек эмас.














