Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизими қайта ташкил этилади. Профилактика инспекторига маҳаллада йўл ҳаракати қоидасини бузиш билан боғлиқ маъмурий жазони қўллаш ваколати берилади. Тошкент-Паркент йўналишида электропоезд қатнови йўлга қўйилди. 6 ойда 11 мингдан ортиқ киши озодликдан маҳрум қилинди, уларнинг аксарияти гиёҳвандлик билан боғлиқ. Чорвоқ сув омборида фожиа юз берди: ота-ўғиллар чўкиб кетди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизими қайта ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Маълумотларга кўра, республикада 3,8 миллионга яқин аҳоли ҳамда қарийб 2 мингта ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланади. Жорий йилда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжи учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кўзда тутилган.

Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизимини қайта ташкил этиш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» таъсисчилигида «LPG-Trade» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу тузилма суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, белгиланган тартибда одамларга етказиб бериш билан шуғулланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун компенсация тўланади.

Профилактика инспекторига маҳаллада йўл ҳаракати қоидасини бузиш билан боғлиқ маъмурий жазони қўллаш ваколати берилади

Президент қарорига кўра, ички ишлар органлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаларининг фаолияти қайта, яхлит тизим сифатида ташкил этилади.

Профилактика инспекторининг хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Профилактика инспекторига қўшимча ваколатлар берилади, жумладан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида маҳалла кўчалари ва йўлакларида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий жазо қўллаши мумкин бўлади (улар ҳали эълон қилинмади).

Шунингдек, профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мавқейи ва хизмат масъулияти оширилади.

Тошкент-Паркент йўналишида электропоезд қатнови йўлга қўйилди

7 сентябрдан Тошкент ва Паркентни боғловчи шаҳарлараро электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Электропоездда 586 та ўрин бўлиб, 1154 тагача йўловчи ташиш имкони бор.

Чипталар нархи катталар учун 10 минг сўмгача, 10 ёшгача бўлган болаларга 6,5 минг сўм қилиб белгиланган. Йўловчилар манзилга 50 дақиқада етиб бориши мумкин.

Мазкур лойиҳа Паркент туманининг туристик салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.

6 ойда 11 мингдан ортиқ киши озодликдан маҳрум қилинди

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда жами 11703 нафар шахс озодликдан маҳрум қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2133 нафарга кўп.

Бу даврда икки нафар маҳбусга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган. Қамоқ жазосига ҳукм қилинганларнинг 179 нафари қасддан одам ўлдириш, 1376 нафари оғир ва ўртача оғир тан жароҳати етказиш, 1789 нафари безорилик билан боғлиқ жиноят содир қилган. Қамалганларнинг қарийб ярми (5788 киши) наркожиноятлар бўйича айбли деб топилган. Коррупция жиноятлари бўйича 3605 нафар шахс судланиб, уларнинг 779 нафари озодликдан маҳрум қилинган.

Чорвоқ сув омборида фожиа юз берди: ота-ўғиллар чўкиб кетди

2 сентябрь куни Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Бурчмулла маҳалласи ҳудудидаги Чорвоқ сув омборида 3 киши – ота ва унинг 2 ўғли чўкиб кетди.

ФВВ матбуот хизмати маълумотига кўра, шу куни эр-хотин, икки ўғил ва бир қиздан иборат оила сув омборида сайр қилиш учун катер ижарага олган.

Таъкидланишича, суратга тушиш учун тўхталган вақтда ўғиллардан бири чўмилишга қарор қилган. У қутқарув нимчасидан фойдаланмагани айтилмоқда. Тахмин қилинишича, сувда йигитнинг оёқ томири тортишиб қолган. Уни қутқариш учун аввал ота, сўнг иккинчи ўғил ҳам сувга сакраган. Бироқ учаласи ҳам чўкиб кетган. Катер ҳайдовчиси уларни қутқаришга ҳаракат қилгани, аммо бунинг имкони бўлмагани таъкидланмоқда.

Уларнинг жасади қутқарувчилар томонидан қидирилмоқда. Қўшимчасига Сирдарё ва Жиззах вилоятларидан ҳам қутқарув отрядлари жалб қилинган.