Бугун Халқаро пресс-клубда юртимизда спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар, олимпия ҳаракати ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш масаласида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ушбу матбуот анжуманида ЎФФ вице-президенти Сардор Раҳматуллаев, Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси раиси Аҳрол Иноятов иштирок этди. Ушбу матбуот анжуманида берилган саволларга ва вақт чегараланганлиги сабабли матбуот анжуманида жавоб беришга улгурилмай қолинган саволларга ЎФФ вакиллари жавоб қайтаришди. Ушбу жавоблар Халқаро пресс-клуб томонидан эълон қилинди.

- Миллий терма жамоа олдига жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси аниқ қўйилганми?

- Ўзбекистон Ижроия Қўмитасининг 2015 йил 25 июндаги мажлисининг қарорига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси олдига 2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси қўйилган. Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси 8та ўйиндан кейин 12 очко жамғарган ҳолда ўз гуруҳида 3-ўринда бормоқда. Жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини уддалаши учун Ўзбекистон 31 август куни сафарда Хитойни, 5 сентябрь куни Тошкентда Кореяни мағлубиятга учратиши керак.

Миллий терма жамоага чақириладиган ўйинчиларинг имкониятларини таҳлил қиладиган гуруҳ борми? (айни дамда ким яхшироқ спорт формасида эканлигини аниқлаш учун)

- Бор. Миллий терма жамоа штабида илмий-услубий ёрдам кўрсатиш гуруҳи бўлиб, бу иш билан Григорий Колосовский ва Фарҳод Абдуқодиров шуғулланишади. Уларнинг асосий вазифаси футболчиларнинг физиологик функционал ҳолатини аниқлаш, уларнинг жисмоний саломатлигини мониторинг қилиш каби ишлардан иборат.

 - Нега натижаси паст бўлса ҳам Лобанов, Сергеев, Ҳошимов ва Андреев каби ўйинчиларга терма жамоада жой кафолатланган?

- Ҳеч қайси жамоада ҳеч ким учун жой кафолатланмаган. Қайтараман, кафолатланмаган. Терма жамоанинг асосий таркибини тузиш ваколати фақат бош мураббийга берилган. Таркибни мавсумнинг бориши, футболчиларнинг аҳволи, ўқув-машғулот йиғинларининг якунига қараб фақат бош мураббий аниқлайди. Бош мураббий кимни тайёр кўрса, ўша футболчини майдонга туширади. Қайси футболчи бош мураббий жамоада жорий қилган ўйин услуби, ўйин фалсафаси ва талабларига жавоб берса, ўша футболчи ўйнайди.

ЎФФда Жаҳон чемпионатига йўлланма жуда кучли сиёсий обрў эканлиги ҳақида тушунча борми?

- Бор. Бу фақат сиёсий обрў бўлганлиги учун эмас, энг аввало, халқимизнинг азалий орзуси эканлиги, қолаверса, бу нарса мамлакатимизда футболнинг кейинги ривожига катта туртки бўлиши мумкинлигини тўғри англагани учун ҳам жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш олиб борамиз.