Спорт | 09:56 / 22.06.2017
22228
2 дақиқада ўқилади

Месси «Манчестер Сити» билан музокара ўтказган

Фото: Getty Images

«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси 2016 йили Испанияни тарк этишга яқин келган.

Каталониядаги Mundo Deportivo нашри тарқатган хабарга кўра, у «Манчестер Сити»га ўтиши ва собиқ бош мураббийи Хосеп Гвардиола билан бирга ишлаши мумкин бўлганди.

Хабарда айтилишича, Месси Аргентина терма жамоасида фаолиятини якунлаганини эълон қилган пайтда Англия чемпионатига кўчиб ўтишга қарор қилгани ҳақида эълон қилишга тайёр бўлганди. Терма жамоадаги муваффақиятсизликлар ва Испания солиқ идоралари билан юзага келган муаммолар туфайли Лионель шундай қарорга келган.

Ўшанда «Манчестер Сити» Месси учун 150 миллион евро тўламоқчи бўлган.

Манбанинг айтишича, ўшанда уни жамоадоши Луис Суарес қолишга кўндирган.

Қайд этиш керакки, Месси ҳанузгача муддати 2018 йилда тугайдиган шартномасини узайтирмай келмоқда ва ОАВда яна ушбу футболчига «шаҳарликлар» жамоасидан қизиқиш мавжудлиги ҳақида ёзилмоқда.

Месси футболчилик фаолиятини «Барселона»да бошлаган, у ўтган вақт ичида жамоа таркибида 631 ўйинда майдонга тушиб, 539та гол урган.

Мавзуга оид