Ўзбекистон Футбол Федерацияси Осиё Футбол Конфедерацияси ҳамда Швейцарияда жойлашган Empower Sports компанияси билан ҳамкорликда янги лойиҳани амалга ошириш борасида шартнома имзолади. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар тарқатди.
Манбага кўра, иккинчи даврадан бошлаб, ЎзПФЛ Ўзбекистон чемпионати учрашувлари тўғридан-тўғри интернет орқали трансляция қилинади.
Ўзбекистон Футбол Федерацияси Осиё Футбол Конфедерациясининг қитъада Лигаларни ривожлантириш дастурини ўрганиб чиқиб, ушбу лойиҳада иштирок этиш истагини билдирди.
Ўзбекистон Чемпионати учрашувларини тўғридан-тўғри трансляциялари Empower Sports компаниясига тегишли Mycujoo.tv сайтида, Олий Лига клублари расмий сайтлари, ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида бир пайтнинг ўзида трансляция қилинади.
Empower Sports компанияси бугунги кунда Осиё Футбол Конфедерациясидан ташқари УЕФА тасарруфига кирувчи мамлакат футбол федерациялари билан ҳамкорлик қилади.
Маълумот учун, айни дамда ЎзПФЛ Олий Лига клубларидаги вазиятни ўрганиб чиқди ва ҳозирги кунда чемпионатда уй учрашувларини 7та клубнинг стадиондаги шароити учрашувларни трансляция қилиш учун талабга жавоб бериши аниқланди.
"Миллий чемпионат учрашувларини интернет орқали трансляция қилиш ва шу орқали Ўзбекистондаги ва чет элдаги мухлисларга ушбу ўйинларни кўриш имкониятини яратиш биз учун энг устун вазифалардан биридир. Ўз навбатида, Осиё футбол Конфедерациясида ҳам футбол ўйинларни онлайн тарзда намойиш этишга кучли эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда хабар топгач, ЎФФ ва ЎзПФЛ раҳбарияти дарҳол ОФКга мурожаат қилди ва Ўзбекистон ОФКнинг Лигаларни ривожлантириш дастурига киритилди” – дейди Ўзбекистондаги дастурнинг менежери Бахтиёр Маметов.
“Бугунги кунда барчамиз замонавий технологиялар даврида яшаб келяпмиз, десак адашмаймиз. ОФКнинг ҳамкори бўлмиш Empower Sport компаниясининг Mycujoo лойиҳаси шу гапларимни исботидир. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади футболнинг интернетдаги аудиториясини кенгайтиришдир. Бунинг учун эса, видео камера ёки юқори сифатли камерага эга бўлган Iphone, ёки Android процессорли телефон ва асосийси стадионда юқори тезликдаги интернет бўлиши керак. Ҳозирга қадар Олий Лиганинг етти клуби: “Локомотив”, “Пахатакор”, “Қўқон-1912”, “Олмалиқ”, “Машъал”, “Обод” ва “Сўғдиёна” каби клублар керакли талабларни бажаришди ва энди улар дастур доирасида Япония, Голландия каби мамлакатлардан келтириладиган керакли жизоҳларлар билан таминланади. Барча жиҳозлар мазкур ойнинг охирагача Тошкентга етиб келади. Қолган клублар ҳам тез орада талабларни бажариб, лойиҳага қўшилади деган умиддамиз”.














