Футбол — чиндан ҳам улкан томоша. Уни манаман деган бойлар ёқтиради, ўзлари мириқиб футбол ўйнайди. Қашшоқлар ҳам яхши кўради, ўзини худди Месси ёки Роналду билан бирга юргандек бахтиёр ҳис этади. Энди унинг ортида қанча пул айланишини тасаввур қилиш ҳам қийин.
Биз ҳам футболни оз-моз тушунамиз, ҳаддан зиёд севгандек кўринамиз. Лекин эсимни танибманки, ўзбек футболи ҳақида гап борса, фақат танқидга дуч келавераман. Айрим журналистларимизнинг таҳлилларини ўқиб, шу одамни футболга раҳбар қилиш керак, деб ўйлаб қоламан. Билмаган нарсаси йўқ. Наҳотки бир журналист билган нарсаларни футбол ичида юрганлар билмаса?
Миллий терма жамоамиз саралаш баҳсларида биз кутган ўйинларни намойиш этолмаяпти. Айниқса, Сурияга ютқазиб қўйганимиздан кейин Бабаян одамларнинг кўзига «олабўжи»дек кўриняпти. Эронга учралган мағлубиятдан кейинги вазиятни-ку, ўзингиз яхши биласиз.
Дарвоқе, бундан 8–10 йиллар олдин фақат журналистларнинг эътирозию танқидлари орқали ўзбек футболининг умумий фаолиятига баҳо бериларди. Аҳоли унчалик реакция билдирмасди. Ҳозир бутун халқ гўё журналистга айланиб кетган, ҳатто машиналарига кимнинг термадан кетиши лозимлиги-ю, кимнинг креслони бўшатиб қўйишигача ёзилган баннерлар, плакатлар пайдо бўляпти.
Аммо расмий доиралар «ЙЎҚ» деган баёнот беришдан у ёғига ўтишолмаяпти. Ақли етмаяпти, дейди кимдир ўзича. Аслида етишмаган нарсалар кўўўўп. Кеча «Спорт» каналида футболимиз ҳақида ЎФФ «сеньор»лари билан берилган он-лайн суҳбатдан қониқдингизми? «Саволлар увол бўлди. Қанча гўзал саволлар нобуд бўлди», дейсизми? Ўзбекчани била туриб, русчада гапирган футболимиз «пахан»ларини-ку гапирмасаям бўлади. Эссиз, она тилимиз! Давлат тилига бўлган муносабатки шундайми, давлат футболига, халқ футболига улар фақат пул манбаи, жиғилдонни шишириш манбаи деб қарамаслигига ким кафолат беради?
«Жичча» деган сўзи билан машҳур бўлган устоз мутахассис Тоҳир Кападзенинг фарзанди, таниқли футболчи Темур Кападзе аксарият футбол ихлосмандлари ва журналистлардан «Болаларнинг руҳини кўтариш ўрнига танқид қиляпсизлар, шахсини таҳқирловчи гаплар айтяпсизлар», деб норози бўлибди. Тўғри, шахсига тегишли гапларни айтиш бутунлай ножоиз иш. Бу муборак кунлардагина эмас, ҳар қандай вазиятда ҳам гуноҳ. Аммо халқ уларни ёқтирмаяпти. Демак, «нимадир қилиш керак». Наҳотки 32 миллионлик халқнинг ичидан 11 та зўр футболчи чиқмаса? Жавоб тайёр — Хитой ва Ҳиндистоннинг миллиардлаб аҳолиси бор. Нима қилибди?
Агар ҳаммаси қандайдир рақамлару статистик маълумотларга боғлиқ бўлса, математик ҳисоб-китобларга мос келса, Хитой билан Ҳиндистон ҳар сафар жаҳон чемпионати финалида ўйнайвериши керакмасми? Ўзбекистон шу аҳолиси билан саралаш босқичининг сўнгги раундида лицензия учун курашиши эмас, балки кучли юзликка киришиёқ гумон бўлиб қолиши керак.












