Ташқи ишлар вазирлиги ўз интeрактив хизматларини кeнгайтирмоқда
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ўзининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида E-Navbat электрон навбат тизимини жорий этади.
2017 йил бошидан бери Ташқи ишлар вазирлигининг интерактив порталлари орқали Ўзбекистон Республикасининг ва бошқа хорижий давлатларнинг фуқаролари томонидан 267 мингдан зиёд мурожаат рўйхатга олинди, дейилади идоранинг расмий сайтида эълон қилинган маълумотда.
Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида», «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари иш фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ижроси доирасида ТИВ интерактив давлат хизматлари кўрсатиш ва хорижий мамлакатлардаги юртдошларимизга ҳамда чет эл фуқароларига консуллик-ҳуқуқий ёрдам уюштириш соҳасини кенгайтирмоқда. Жумладан, вазирликнинг расмий сайтида бизнинг ватандошларимиз учун муҳим бўлган маълумотлар ўз вақтида чоп этиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили», деб эълон қилинган 2017 йилнинг январь ойида consul.mfa.uz интерактив консуллик хизматлари порталининг янги таҳрири ишга туширилди. Эндиликда порталда 10 дан ортиқ турдаги интерактив ёки маълумот берувчи характерда бўлган консуллик хизмати йўлга қўйилган.
Жумладан, «Шахсни тасдиқлаш ва Ўзбекистон Республикасига қайтиш Сертификатини расмийлаштириш», «Доимий ёки вақтинча консуллик ҳисобига олиш» каби давлат хизматлари портал ёрдамида электрон кўринишда олиб борилмоқда.
Шу билан бир қаторда, хорижликларнинг, жумладан, туристларнинг Ўзбекистонга кириш визаларини расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш мақсадида E-visa электрон онлайн-аризаларни тўлдириш тизими фойдаланишга топширилган. Мазкур тизим бугунги кунда беш – ўзбек, рус, инглиз, француз ва испан тилларида иш олиб боради.
Ҳозирда ТИВ ҳамкорлар билан биргаликда E-Navbat — электрон навбат тизимини жорий қилиш борасида иш олиб борилмоқда. Ушбу тизим Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасида тўлиқ назоратдан ўтгазилгандан сўнг республиканинг хориждаги барча дипломатик миссияларининг интернет-ресурсларида ўрнатилади. Бу тизим ёрдамида фуқаролар ўзларига қулай бўлган вақтда консуллик қабулига кириш учун навбатга ёзилиб қўйишлари мумкин.
Жорий йил март ойидан бошлаб, юқорида айтиб ўтилган consul.mfa.uz порталида ўзбекистонликлар учун онлайн-маслаҳат сервиси иш кўрсатмоқда. Мазкур сервис орқали берилган саволларга Консуллик бошқармаси таркибида махсус яратилган гуруҳнинг ваколатли ходимлари жавоб берадилар. Ҳозирги кунгача 250 нафардан ортиқ мурожаатчи бу онлайн-режимда ўз саволларига жавоб олишди.
5 июль куни ўтказиш режалаштирилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўзбекистонликлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти доирасида келиб тушган таклифларга биноан ТИВ ўз юртдошларига ва хорижликларга интерактив хизмат кўрсатиш технологияларини мукаммаллаштириб бориш жараёнини давом этдирмоқда.
Мавзуга оид
22:25 / 04.10.2024
Мўғулистон визаларни электрон шаклда беришни бошлади
22:50 / 04.09.2024
АҚШ хорижлик талабаларга виза бериш жараёнини соддалаштирди
13:09 / 31.08.2024
Ўзбекистонликлар Кореяга мавсумий виза бўйича ҳам ишга юборилади
17:50 / 15.08.2024