Тожикистон Қозоғистонга минтақада энергия кўприги ролини гарданига олишни таклиф қилиб, ўз электр энергиясини шимолий йўналишда экспорт қилинишига кўмак беришини сўрамоқда. Агар бу ғоя амалга ошса, Қозоғистон Марказий Осиёнинг бош энергетик ҳабига айланиши мумкин, деб ёзади «Евразия Эксперт».

 

Рад этиш қийин бўлган таклифлар

12 июнь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ташкиллаштирилган «ЭКСПО-2017» халқаро кўргазмаси мобайнида Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Усмонали Усмонзода собиқ иттифоқ даврида Ўрта Осиё ҳудудида Ўзбекистон томонидан бажариб келинган роль — минтақавий энергия ҳаби бўлишни Қозоғистонга таклиф этди.

Унинг сўзларига кўра, Россия–Қозоғистон–Марказий Осиё ягона бозорини ташкил этиш Қозоғистоннинг қўлидан келади ва Тожикистон унда баланд тоғларидаги гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилаётган арзон электр энергиясини сота олади.

«Истакларимиздан бири шуки, KEGOC (Қозоғистон ягона энергетик тизими оператори) улкан имкониятларини ишга солиб, Россия–Қозоғистон–Марказий Осиё ягона бозорига асос солса, — дея вазирнинг «ЭКСПО-2017» медиамарказида қилган чиқишидан иқтибос келтиради «Қазақпарат» ахборот агентлиги. — Биз бу бозорда ишлаб, минтақада мавжуд ресурслардан максимал даражада самарали фойдаланишимиз мумкин. Масалан, сизларга ёзги ойларда кўмир ёқиб электр энергияси ишлаб чиқаришнинг нима кераги бор, қачонки Тожикистон гидроресурсларининг ортиқчасидан фойдаланиш мумкин бўлганда? Биз Қозоғистон энергетиклари ташаббусни ўз зиммасига олиб, минтақавий бозор шакллантиришини истаймиз».

Ёзги даврда Тожикистон жуда кўп миқдорда электр энергияси ишлаб чиқаради ва унинг ҳаммасини ҳам сота олмайди. «ЭКСПО-2017»да Тожикистон экспозицияси директори Одил Санговнинг берган маълумотига кўра, республиканинг ҳар йили сотилмай қолган электр энергиясидан йўқотишлари 250 млн. АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Боз устига, республикада электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳияти 527 млрд. кВт*соатни ташкил этади ва унинг бор-йўғи 4–5 фоизигина ўзлаштирилган.

«Бир киловаттнинг таннархи 2 центни ташкил этади, — деди Одил Сангов, — Биз электр энергияси ишлаб чиқаришда қаттиқ ёқилғи, газ ва кўмирдан фойдаланаётган Марказий Осиёга энергияни мамнуният билан берардик. Ёқилғида иқтисод қилиб, арзон ва экологик тоза энергиядан фойдаланиш мумкин».