Россияда бўлиб ўтаётган Конфедерациялар кубогида ҳакамлар видеотакрорлардан фойдаланаётганидан хабарингиз бор. Ушбу янгилик ҳар ким томонидан турлича қабул қилинаётганлиги табиий. Ўйиндаги узилишларни рўкач қилиб, бу янгиликка тамоман қаршилар ҳам бор, улар билан баҳслашиш шарт эмас, бу борада фикрим қатъий — адолат ҳақида гап борганда, ўйин суръати ҳақида фикр юритишдан маъни йўқ, деб ёзади футбол журналисти Қаҳрамон Асланов ўзининг maydon.uz сайтидаги блогида.

Бу ҳақида Равшан Эрматовнинг ажойиб фикрини эслаш кифоя: «бир хато устида ўн йил тортишиб юргандан, бир дақиқа ўйинни тўхтатиб, уни жойида тўғрилаган афзал».

Кеча, турнирнинг биринчи ярим финал учрашуви бўлиб ўтди. Чили ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги баҳснинг асосий вақтида ғолиб аниқланмади. Қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқалари ўтиб бораётганда эса, португаллар жарима майдонида эътиборли воқеа содир бўлди. 

Ҳимоячи Жозе Фонте тўп учун курашда улгурмади ва рақиб ҳужумчиси Франческо Силванинг оёғини босиб олди. Ҳужумчи йиқилиб тушди. Лекин ҳакам ўйинни тўхтатиб ҳам ўтирмади ва ҳеч қандай пенальти йўқлигига ишора қилди. 

Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Такрорий лавҳада яққол пенальти борлигини кўрдик. Нега ҳакам белгиламади? Нега «арзимаган» нарсаларга ўйинни тўхтатиб, асабимизга теккан видеотакрор бу ерда жим қолди? Наҳотки, бу янгилик ҳам ҳакам хатоларига таъсир ўтказа олмаса? Кўпчиликнинг дилида ёки ижтимоий тармоқларда бундай фикрлар ғужғон ўйнагани аниқ. Ҳатто ўйинни шарҳлаган россиялик шарҳловчи Константин Генич ҳакамни айблар экан, «наҳотки видео ёнида ўтириб, ҳакамга ёрдам бераётган Равшан Эрматов ҳам буни кўрмади?» деб ҳатто ёрдамчи ҳакамни айблай кетди. Бугунги кўпгина нашрларнинг, интернет сайтларининг кечаги ўйинга бағишланган қисмини, «Видеотакрор ҳам ҳеч нарса қила олмади» деган сарлавҳалар безади. 

Келинг, конкрет бир вазиятга тўхталиб, шу баҳона, видеотакрорлар мавзусини чуқурроқ таҳлил қиламиз ва баъзи тушунмовчиликларга нуқта қўйишга ҳаракат қиламиз. 

Аввало шуни таъкидлаш лозим: видеотакрорлар ўйинга ҳакамлик қилмайди, ҳакамларни бошқармайди. Бу ўйиндаги барча вазиятларни қамраб олишга жисмоний имконияти етмайдиган бош ҳакамга ёрдам бериш, инсоний фактор туфайли юзага келиши мумкин бўлган хатоларни камайтириш, олдини олиш учун фойдаланиладиган технологик воситалардан бири холос. Худдики, қанот ҳакамлари билан мулоқот қилиш учун чиқарилган воситалар бор-ку, шунақа деб тушунинг, барибир якуний қарорни бош ҳакам қабул қилади. Кечаги ўйинда ҳам Эрматов видеотакрорлар бўйича ҳакам эмас, ҳакам ёрдамчиси эди.