Ўзбекистон | 01:24 / 01.07.2017
20653
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: "Айрим раҳбарлар ёшларнинг обрўсини тўкишни “иш услуби”га айлантириб олмоқда"

Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида қатор муҳим муаммоларни кўтарди. 

Шулардан бири сифатида маҳаллий ҳокимликлар томонидан “Камолот” раҳбарлари ва ходимларини уларга алоқаси бўлмаган вазифаларни бажаришга, жумладан, қишлоқ хўжалиги юмушлари, металлом топшириш, ободонлаштириш каби ишларга, энг ёмони, турли-туман мажлисларга жалб этиш ҳолатларининг авж олиши келтирилди. 

"Бундай ачинарли ҳолат Тошкент шаҳрида ҳам мавжуд бўлиб, “Камолот”нинг туман кенгашлари раислари ободонлаштириш ишлари, бинолар фасадини таъмирлашга сафарбар этилган. Улар иш вақтининг асосий қисмини ўзларига бириктирилган “округ”ларда ўтказади. Кечки пайт эса ҳокимият мажлисларида ҳисобот беради. Ўзингиз айтинг, улар қачон ўзининг бевосита иши, яъни, ёшлар масаласи билан шуғулланади?

Энг ёмони, жойлардаги айрим раҳбарлар “Камолот” учун муносиб шароит яратиб бериш, ёшлар етакчиларига ёрдам бериш ўрнига уларга қўпол муносабатда бўлиш, обрўсини тўкишни “иш услуби”га айлантириб олмоқда.

Масалан, жорий йилнинг 4 май куни Навоий шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида ўтказилган тарғибот тадбирларида хунук воқеа рўй берган. Ички ишлар бошқармаси раҳбарларидан бири “Камолот”нинг Навоий вилояти кенгаши раисини кўпчилик ўртасида ҳақорат қилиб, зўравонлик билан тадбирдан четлаштирмоқчи бўлган.

Қани, ички ишлар вазири, А.Азизов, сиз бу масалага қандай изоҳ берасиз? Навоий вилоят ҳокими, Қ.Турсунов, сизнинг бу ҳолатдан хабарингиз борми? Бор бўлса, бу масала бўйича қандай чора кўрдингиз?

Шу борада Андижон вилоятидан ҳам нохуш бир мисол келтиришга тўғри келади. Ўтган йили Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан вилоят “Камолот” ҳаракати кенгашига Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан тантанали равишда янги автобус топширилган. Лекин маросим тугаши билан автобус олиб қўйилиб, унинг ўрнига шалағи чиққан эски транспорт воситаси берилган. Айтинглар, бундай “ўйин”лар, кўзбўямачилик билан биз ёшларга қандай тарбия беряпмиз?

Андижон вилоятининг ҳокими Ш.Абдураҳмонов, сиз бунга нима дейсиз? Афсуски, бундай камчиликларни республика миқёсидаги вазирлик ва идоралар фаолиятида ҳам учратиш мумкин.

Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, айтинг-чи, сиз ўз тизимингиз бўйича ёшлар етакчилари билан қачон учрашгансиз? Сиз бошчилик қилаётган соҳада ишлаётган педагогларнинг неча фоизини ёшлар ташкил этади? Уларнинг қанчаси “Камолот” аъзолари ҳисобланади?

Ҳозирги вақтда кўпгина қишлоқ жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун замонавий инфратузилма тармоқлари деярли йўқ. Масалан, Бахмал, Мирзаобод, Ховос, Ўрта Чирчиқ туманларида ёшлар учун истироҳат боғлари, кинотеатрлар умуман мавжуд эмас.

Яна бир мисол. Бухоро шаҳрида жойлашган Ибн Сино номидаги дам олиш ва истироҳат боғи Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 2016 йилнинг ноябрь ойигача реконструкция қилиниб, “Камолот” балансига ёшлар маркази сифатида ўтказилиши зарур эди. Лекин маблағ етишмаслиги туфайли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари тўхтаб қолган.

Қани, ана шу шаҳар ва туманларнинг ҳокимлари, тегишли мутасаддилар, бу масалаларга қандай баҳо беришингиз мумкин?

Сизлар раҳбар бўлган ҳудудларда яшайдиган ёшлар зерикканидан нима қилишни билмасдан, бемаза ишларга берилиши, безорилик, жиноят йўлига кириши, зарарли оқимларга қўшилиб кетиши мумкинлиги наҳотки сизларни безовта қилмаса?! Ёшлар учун барча шароитларни муҳайё қилдик, деб биз кимни алдаяпмиз?

Шу муносабат билан барча катта-кичик раҳбарлар қулоғига қўрғошиндек қуйиб олсин: биз энди сизларнинг фаолиятингизга пахта ёки ғаллага қараб эмас, энг аввало, сизларнинг ёшларга, ёшларга оид давлат сиёсатига бўлган муносабатингизга қараб баҳо берамиз.

Мавзуга оид