Тун алламаҳал бўлганида Сами бобонинг дарвозаси тақиллаб ороми бузилди. Бу пайтда ким бўлди экан, дея отахон ўрнидан туриб эшик томон юрса, ўғли Салимжоннинг овози эшитилди.
- Дада, ухламайсизми, мени сўраб келишган.
Отахон охирги вақтларда ўғлининг кунора уйга кеч келишларидан, баъзида икки кунлаб келмайдиган одат чиқарганлигидан хавотирга тушиб, шундай бўлсада ўғлини сўраб келган одамнинг кимлигини билиш учун кўчага чиқади.
Кўчанинг бошида оқ рангли «Дамас» автомашинаси турибди. Унинг олдида ўғли Салимжон ва уч нафар нотаниш йигитлар, ниманидир режасини тузаётгандек пичир-пичир гаплашиб ўтирибдилар. Отахон улар томон оҳиста қадам ташлаб борар экан, йигитлардан бири дарров машинага ўтириб қолган икки нафар шерикларига ҳам дарҳол машинага ўтиришларини шубҳали имлаб машинани ўт олдириб, учала нотаниш йигитлар кетиб қоладилар.
- Дада нимага чиқдингиз, ахир айтдимку менинг ўртоқларим, эрта тонгда улар билан зиёратга борамиз. Шунга ҳозирдан келишиб олдик.
Ўғлининг зиёратга ҳозирланганини эшитган отахоннинг кўнгли озгина таскин топди-ю лекин шубҳалари тарқалмади.
...Салимжон отахоннинг тилаб олган ёлғиз фарзанди. Ёши ўттиз бешга етибди ҳамки бу йигит уйланиш ҳақида гап очилгудек бўлса, ғазаби қайнаб, аъзойи бузилади. Онаси Муборак ая 68 ёшда. Лекин ҳали ҳам қадди эгилмаган, чаққон, рўзғор ишларида тўрт-беш жувонни ортда қолдиради. Тиним билмайди...
Эрта тонгда ўғли ухлаб ёттан хонага мўралаган Сами ота унинг ётоғи бўм-бўшлигини кўриб, саҳар чоғи ҳеч кимга билдирмай чиқиб кетибди деб ўйлаб бамайлихотир бугунга мўлжаллаган ишларини қилишга киришади.
- Онаси, шу ўғлингни кейинги пайтларда юриш-туриши менга маъқул бўлмаяпти. Кеча тунда уни сўраб келган ўртоқлари билан зиёратга борадиган ниятда эмаслигини пайқадим.
- Қўйинг дадаси, у ҳам ёш бола эмас, ҳа деб тергайверманг. Бир амаллаб уйланишга кўндира олсам, ажаб эмас хотини уни йўлга солса.
- Тунов куни ҳам тонгга яқин қўлида сумка билан кириб кеди. Ухлаб ётганлигидан фойдаланиб хонасига киритиб қўйган сумкани очиб қарасам ичида анчагина пул бор экан.
- Ойлик маошини олгандир-да дадаси.
Эр-хотиннинг ўзаро суҳбати чоғида яна дарвоза тақиллаб қолди.
- Мана ўғлинг келди, туриб дарвозани оч.










