Ҳозирги замонда инсонларнинг билими ва малакаси жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини аниқловчи муҳим омилдир. Шунинг учун кўпчилик мамлакатларда таълимни ривожлантириш истиқболи энг асосий масалалардан бирига айланмоқда.
Ўзбекистоннинг бугунги куни учун иқтисодиётнинг инновацияларга асосланган ривожланишини таъминлаш вазифаси турмоқда. Шунинг учун Ўзбекистонда таълим тизимидаги ислоҳотлар иқтисодиётдаги янги ўзгаришлар пайдо бўлиши билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон таълим тизимида кейинги 20 йилда қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Шу билан бирга Ўзбекистон таълим тизимида яқин вақтда ечимини кутаётган муаммолар мавжуд.
Масалан, Ўзбекистонда талабалик ёшидаги аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниши даражаси 9 фоиз бўлиб, бу Марказий Осиёда ва жаҳон миқёсида анча паст кўрсатгичдир. Ўзбекистон олий таълим тизими 67 ўқув юртидан иборат. Уларда 2015/16 ўқув йилида жами 253 минг талаба таълим олишган. Режалаштиришнинг марказлашган тизими олий ўқув юртларига талабалар қабули миқдорини ҳам, улар таълим йўналишларини ҳам белгилайди. Олий таълимга давлат ғазнасидан молиялаштириш мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг атиги 0,4 фоизини ташкил этади. Бу жаҳонда энг паст кўрсатгичлардан биридир.
Ўзбекистонда давлат бюджетидан ҳар бир талабага тўғри келувчи харажат Россияга нисбатан 2 марта, Туркияга нисбан 3 марта, Малайзияга нисбатан 7 марта кам. 2000 йилдан бери олий таълимни молиялаштиришнинг умумий миқдорида давлат ғазнасидан харажатлар 60 фоиздан 35 фоизача камайди. Давлат харажатлари камайиши билан олий ўқув юртлари кўпроқ таълим учун тўловлар ҳисобига молиялаштиришга ўтмоқда.
Ўзбекистонда олий таълимни хусусий молиялаш даражаси (60 фоиз) АҚШга нисбатан (57 фоиз) ва Буюк Британияга нисбатан (52 фоиз) ҳам юқори. Аҳоли даромадлари юқори бўлган мамлакатлар орасида олий таълимни хусусий молиялаштириш ўртача 29 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда олий таълимни хусусий молиялаштириш ҳажмининг ошиши нафақат тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабалар сони ошиши билан, балки таълим учун тўловлар миқдорининг кўпайиши билан ҳам боғлиқ.
Ўзбекистон аҳолисининг даромадлари ҳам кейинги йилларда ошгани ҳолда, контракт тўлови миқдори тезроқ ошди. Натижада, мамлакат олий ўқув юртларига жамиятнинг бой қатламлари оилалари фарзандлари кириши улуши ошмоқда.
Ўзбекистон олий таълими тизимида харажатларнинг жорий тақсимоти ҳам олий таълим сифати юқорироқ бўлган мамлакатларга мос келмайди. Талабаларга бериладиган стипендиялар улуши ҳаддан кўп (олий ўқув юртлари бюджетининг деярли 40 фоизи). Иқтисодий ҳамкорлик ва таррақиёт ташкилотига кирувчи мамлакатларда бу кўрсатгич 10 фоизни ташкил этади. Олий таълимни молиялаштиришдаги ушбу камчиликлар олий таълим муассасалари моддий техника базасининг ночор аҳволга тушишига сабаб бўлди.














