
Фото: Facebook/Hikmat Abdurahmanov
Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси кузатув кенгаши раиси, кўплаб бизнес лойиҳалари ҳаммуассиси, ишбилармон Ҳикмат Абдураҳмонов Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали қизиқарли таклифлар билан ўртоқлашиб келади. "Кун.уз" янгиликлар портали ишбилармондан рухсат олган ҳолда унинг баъзи таклифлари билан бўлишишга қарор қилди.
"Жамоамиз билан ҳар йили корпоратив тимбилдинг ўтказадиган Белдирсой томонлардан қайтишда Чорвоқ сув омборидан завқланиш учун тўхтадик. Сув омбори бўйлаб 90-йиллардан бери қурилиши тугатилмаган биноларни кўриш мумкин. Анчагина эскирган инфратузилма, ямоқ йўллар ва мунтазам узилувчи электр таъминотига қарамай, Чимён қишин-ёзин минглаб тошкентликларни ўзига жалб қилиб келади.

Фото: Facebook/Hikmat Abdurahmanov
25 йил ичида у ерда бир қатор меҳмонхоналар, "Park avenue", "Чарос", "Арчазор", "Крокус", "Sky village", "Лайнер", "Небеса" каби дам олиш масканлари пайдо бўлди, "Бочка" нисбатан ривожланди, шунингдек "Happy Summer", "WestCamp" каби бир неча оромгоҳлар ва ижарага берилувчи қатор дала ҳовлиларини ҳам қайд этиш мумкин.
Бу объектларнинг ярми совет давридан бошлаб қурилган, уларнинг айримлари эса шу ҳудудларда қайтадан қурилган. Дор йўлининг ёнида Чимён "арвоҳ"-санаторийси турибди, унинг ёнида эса яна бир неча очиқ, қурилиши тугалланмаган темир-бетон тузилмалар...

Фото: Facebook/Hikmat Abdurahmanov
Юқорида номлари келтирилган дам олиш масканларининг бари хусусий секторлар томонидан барпо этилган, бироқ бу мавжуд салоҳиятга нисбатан жуда кам.
Бишкек ёнидаги Қоракўлнинг ўзи 150дан зиёд меҳмонга мўлжалланган уйларга эга, бутун Марказий Осиё ва бошқа мамлакатларнинг тоғ чанғичилари ўша ерда йиғилишади. Олмаота яқинидаги Шимбулоқ ҳам Европа тоғ курортларидан қолишмайди ва ҳар йили ўн минглаб сайёҳ ва олмаоталикларни жалб қилиб келади.
Ўтган йиллар мобайнида бирор марта Чимён, Чорвоқ, Белдирсой каби масканларимизни қандайдир ягона стратегия доирасида ривожлантиришга доир уринишлар ҳақида эшитмадим. Ташкилий ишлар ҳақида эшитганларим - ноқонуний ижарага беришга доир рейд ва текширувлар холос, қолган барча хатти-ҳаракатлар Чимённинг туристик салоҳиятига нисбатан жуда чалкаш.















