Фан-техника | 18:20 / 11.07.2017
18087
2 дақиқада ўқилади

Android дастурида махфий «ваҳима тугмаси» аниқланди

Фойдаланувчилар Android тизимида махфий «ваҳима тугмаси» (panic button)ни аниқлашди. У хавфли иловадан зудлик билан чиқиб кетади. Бу ҳақда Bleeping Computer ёзмоқда.

Махсус тартиб «Орқага» тугмасининг босилиш оралиғини ҳисоблаб боради. Мазкур тугма кетма-кет 4 марта босилса, дастурий таъминот ишга тушган иловани тўхтатади ва фойдаланувчини марказий экранга қайтаради. Бу тизим ишини тўсиб қўя оладиган зарарли иловаларнинг ишлашини тўхтатиш учун зарур. 

«Ваҳима тугмаси» айни вақтда синовдан ўтиш босқичида бўлгани сабабли Google уни эълон қилгани йўқ. Шунга мувофиқ, уни Android 7.1 дастурининг айрим фойдаланувчилари SystemUI APK тизимидаги config.xml файли орқали ишга туширишлари мумкин. 

Шу йилнинг март ойида ахборот хавфсизлиги мутахассислари Samsung, LG, Xiaomi, Asus, Oppo ва Lenovo смартфонлари аввалдан ўрнатилган зарарли дастурий таъминот билан сотувга чиқарилишини аниқлаган эди. Унга кўра, турли қурилмаларда 6 турдаги ҳар хил троян дастурлари мавжуд бўлган. Улардан бири бўлган Loki дастури махфий маълумотларни ўғирлаб, учинчи томонга бериши ва рекламани намойиш этиши мумкин. 

Мавзуга оид