Ўтган ҳафта интернет нашрларда суратлари чоп этилган ўн олти талабанинг аянчли ҳолати кўз ўнгимдан кетмаётир. Аҳвол-руҳияти енгилтабиат аёлларни, истиҳолага не ҳожат, фоҳишаларни эслатади. Суратларда уларнинг қабоқларига ҳам қалин қора чизиқ тортилган. Таниш қийин. Қўлга тушган фоҳишалар жон ҳолатда яланғоч сийналарини чойшаб билан ёпишга уринса, ҳожатбарор йигитлар ерга қараган. Шалвираган. Фарқи – талабалар кийимида. Ҳатто айримлари ҳарбий формада.

Воқеа жойи – Тошкент ахборот технологиялари университетининг (ТАТУ) махсус факультети. Вақти - абитуриентлар тест топширган кун – 2017 йилнинг 5 июли. Иловадаги бошқа суратда эса қарийб бир қоп қўл телефони. Катта-кичик, оқ-қора, эски-янги. Минг хил. 

ТАТУда форма кийган «зайчиклар» қўлга тушди

Ўн олти навқирон йигит. Оми десангиз – бировнинг ўрнига имтиҳон топширмоқчи бўлишган. Демак, хат-саводи бор. Нодон десангиз – ўйлаб топган «ҳунари қирқ эшакка юк» бўлади. Балки бу ҳунари ортидан илгари ҳам мазахўрак бўлишгандир. Яхши стипендия олишса, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатилса, ҳатто мажлисларда адл-у инсоф, юксак маънавиятдан маърузалар қилишса, эҳтимол. Балки ўзларини имон аҳлидан деб ҳам билишар. Уларни ёллаган танбал абитуриентларнинг пул топиб, калла топмаган ота-оналари эса ваъдани қуюқ қилгани аниқ. Эҳтимол дурустгина ширинкома ҳам беришгандир. Ҳали касб-корининг тайини бўлмаган танбал ўғлида бунча маблағ – 50-60 миллион не қилсин. 

Бу пойтахтимиздаги нуфузли дорулфунуннинг битта (яна ҳарбийлашган!) факультетида юз берган воқеа. Фожиа! Қўлга тушгани ўн олти қаллоб. Тушмагани-чи? Аслида ҳайрон қоларли жойи борми? Бу мамлакатимиз олий таълим муассасаларига хос кўргилик-ку! Миллий фожиа. Имтиҳонга бировнинг ўрнига бошқа бировнинг кириши, «ректорнинг рўйхати», «бункер», тест саволларини шпаргалька ёки телефондан фойдаланиб ечиш... Ишонмасангиз, биринчи август куни истаган олий ўқув юртининг дарвозаси олдига бориб туринг. Томоша қилинг. Талабаликка даъвогарлардан олиб қўйилган қоп-қоп телефон, ғарам-ғарам шпаргалька, китоб, ясамасоч - парикни кўриб, тавбалар қиласиз. Гўё айрим абитуриентларнинг бутун кучи, салоҳияти, иқтидори ўқиш, билим олишга эмас, имкони борича илму маърифатдан йироқроқ юришга, ҳамманинг кўзини шамғалат қилишга йўналтирилган. Фирибгарликнинг миллион хилини ўйлаб топишаётирки, кўриб, қилни қирқ ёрган қамоқхона нозирлари ҳам тилини тишлаши аниқ. Дарвоқе, шу кеча-кундузда энг бозори чаққон товар нима, биласизми? Уламасоч!
 
«Атайлаб учта телефон олдим. Бирини чўнтагимга, иккинчисини пайпоғимга яширдим, - дейди бир «уддабурон». – Учинчиси бошимда - парик тагида эди. Топишолмади! Ҳозир давлат грантига ўқияпман!».