16:00 / 12.07.2017
13843

Хитой хориждаги биринчи базасига ҳарбийларни юборди

Фото: Reuters

Хитой ҳарбий хизматчилари ХХРнинг Жибути давлатида жойлашган хориждаги биринчи базасига жўнаб кетишди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар бермоқда.

Чжаньцзян портида тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтган. «Синьхуа»нинг аниқлик киритишича, Жибутида Хитой халқ-озодлик армияси базасини ташкил этиш ҳамда у ерга армия контингентини юбориш қарори давлатлар ҳукуматлари томонидан дўстона музокаралар ўтказилгач, қабул қилинган. Таъкидланишича, бу халқларнинг умумий манфаатларига хизмат қилади.

Хитойлик ҳарбийлар керакли инфратузилма қурилишини ўтган йилда бошлашди. Гап ХХР ҲДКнинг Яман ва Сомали қирғоқлари яқинидаги гуманитар ҳамда тинчликпарвар миссияларда иштирок этувчи кемаларига таъминот базасини яратиш ҳақида кетмоқда. База қачондан бошлаб тўлақонли фаолиятни бошлаши номаълум.

Жибути – Шарқий Африкадаги давлат бўлиб, аҳолиси тахминан 740 минг кишини ташкил этади. Мамлакат ҳудудида АҚШ, Франция ва Япония ҲДКнинг таъминот пунктлари бор.

Top