UZ24 молиявий эксперт Александр Давлетов билан банкларга биржадан ташқари валюта бозорида операциялар ўтказишга рухсат берувчи, факт жиҳатидан олиб қаралса, турли курсларни қонунийлаштирган ҳукумат қарори хусусида гаплашди.
— Кўпчиликда Вазирлар Маҳкамасининг яқиндаги (30 июндаги №449-сонли «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги» — таҳ.) қарори билан банкларга бозор курсида валюта сотиш ҳуқуқи берилди, деган таассурот пайдо бўлди. Чиндан ҳам шундайми?
— Биринчидан, бу қарор гарчи ижтимоий тармоқларда ўша куниёқ маълум бўлиб улгурган бўлса-да, расман 10 июль куни — қабул қилинганидан 10 кун ўтиб эълон қилинди. Мавжуд меъёрларга кўра, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матбуотда расман эълон қилинганидан сўнггина кучга киради.
Иккинчидан, Марказий банк ва манфаатдор идораларга янги механизм ишлаб чиқиш ёки амалдаги ички меъёрий ҳужжатларни мувофиқлаштириш учун бир ойлик муддат берилади. Шу сабабли амалда тижорат банклари валютани бозор курсида сотиш ёки харид қилишга шошилмаяпти. Бизнинг банкларимиз МБга қулоқ тутмасдан, ўзбошимчалик билан бирор нарса қила олмайди. Нима бўлганда ҳам, ҳозирги пайтда мижозлари билан бозор курсида валюта олди-сотдиси билан расман шуғулланаётган бирорта тижорат банкини учратмадим.
Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валюталарнинг харид қилиш ёки сотиш операцияларини ўтказиш тартиби ҳақидаги Низомнинг 19-банди бекор қилиниши ва 43-бандининг янги таҳрири туфайли энди банклар ўртасида ёки уларнинг мижозлари билан валюта олди-сотдисида бозор курси ўтган ҳафта давомида ўтказилган савдо сессияларида (масалан, Республика валюта биржасидаги) қайд этилган курсларнинг ўртача қиймати бўйича эмас, тўғридан-тўғри шартнома асосида белгиланади. Оддийроқ қилиб айтганда, бугунги кунгача банклар ўз мижозлари билан валюта олди-сотди операциялари ўтказишда МБнинг амалдаги курсидан максимум 2 фоизга фарқланувчи курсдан фойдаланишар эди. Шу қоидалардан конверсион карталар билан боғлиқ операцияларда ҳам фойдаланиларди. Масалан, 12 июль куни МБ доллар курси 1 долларга 4014,50 сўмни ташкил этган, Миллий банкнинг айирбошлаш/конверсион операциялар бўйича курси 1 доллар 4094 сўмга тенг.
Бу қоидалар юқорида қайд этилган қарор қабул қилинганга қадар мажбурий бўлган, чунки Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармаси аъзоси ҳисобланади ва ХВЖнинг 8-моддаси шартларига кўра, аъзо мамлакат турлича курслар амалиётидан фойдаланмаслиги керак. Энди мана шу бозор курси талаб ва таклифдан келиб чиқиб белгиланиши ва конъюнктурага боғлиқ бўлиши лозим. У расмий курсдан анча, ҳаттоки бир неча баробар фарқ қилиши мумкин. Нақадар ғалати бўлмасин, айнан мана шу ҳолат тижоарт банкларининг шошилмаётгани сабабларидан биридир — МБ томонидан белгиланган расмий ҳамда бозор курсининг бундай тафовутида катта курс фарқи келиб чиқади ва у солиққа тортилади.

















