6 май куни Марказий банк жорий йилнинг январь-апрель ойлари ҳисобидан навбатдаги «Ички валюта бозори бўйича қисқача шарҳ»ни эълон қилди.  Марказий банкнинг бундай шарҳлари ўзининг ахборотга тўлақонлиги билан ажралиб туради ва беихтиёр, «Қани энди бошқа вазирлик ва идоралар ҳам ўз фаолиятига тегишли бўлган шундай аналитик шарҳларни бериб борса!», деб юборасан киши.

Баъзи умумий саволлар

Ана шу шарҳда эътиборни тортган бир неча савол ва тахминлар бўлиб, улар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз:

1) Нега 2020 йилнинг январь-апрель ойларида ички валюта бозорида юридик шахсларнинг чет эл валютасига бўлган талаби ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 бараварга ўсиб, 4,2 млрд  АҚШ долларини ташкил этган бир вақтда, жисмоний шахслар томонидан 1166 млн АҚШ доллари сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига (346 млн АҚШ долл) нисбатан 3,4 баравар ошди? Бир йил давомида аҳолимиз даромадлари, истеъмол структураси шундай ўзгардимики, аҳолида ортиқча маблағлар кўпайиб, ҳамма валюта сотиб ола бошлади? Бундай кескин динамиканинг асл сабаби нимада?

2) Нима учун жорий йилнинг апрель ойи сўнгги ўн кунлигида жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган валюта маблағларининг кунлик ўртача ҳажми биринчи ва иккинчи декадалардаги ўртача кунлик ҳажмларга нисбатан 2,5 баравар ўсиб, 9,6 млн АҚШ долларини ташкил этди (биринчи ва иккинчи декадаларда - 3,8 млн. АҚШ доллари). Аҳоли аввалига сотиб олиб, кейин валютани қайта сотдими? Ёки барча аҳоли алмашув курсини ўзгаришидан баҳраманд бўлдими? Бир декада ичида бўлган бундай осмон билан ерча фарқни Марказий банк қандай изоҳлайди?

Албатта, биз Марказий банкдан бундай ғалати ҳолатлар юзасидан ҳеч қандай изоҳ олмаймиз, чунки бу идоранинг мақсади ва фаолият масъулиятига кирмайди.

Марказий банкка саволлар

Биз эса саволларимизни Марказий банкнинг ўз масъулиятига тегишли фикрлар билан давом эттирамиз:

1) Бир ҳисобдан юридик шахсларнинг биржадан ташқари валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ўсиб бораётган бир вақтда (банкларнинг очиқ валюта позицияси ОВП - ҳисобидан), корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига чет эл валютаси сотиб олиши улуши 2 фоизга камайганига (умумий валюта сотиб олиш манбалари ҳажмида) қандай изоҳ берасиз? Яъни нега корхоналарда ўз ихтиёридаги валюта ресурслари камайиб, банкларда валюта ресурслари тобора ортиб бормоқда? Бугунги кунда банклар тарихда биринчи марта юридик шахсларнинг умумий талабининг 1/3 қисмини ўз ҳисобларидан ёпяпти. Банкларда ОВП миқдори ўсишининг асосий сабаби нимада? Агар корхоналарнинг экспорт ҳажми ўсиб бораётган бўлса, нега уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан импорт тўловларини тўлаш имкониятлари пасайиб бормоқда?