Ўзбекистон | 15:58 / 25.07.2022
20064
4 дақиқада ўқилади

Банкларда яна нақд доллар танқислиги кузатилмоқда

Ўзбекистоннинг бир нечта банклари нақд валютага 2-3 минг долларгача чекловлар ўрнатгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу спекулятив амалиётлар кўпайиб кетгани билан изоҳланиши мумкин.

Фото: Reuters

Ўзбекистондаги айрим банкларда 25 июл, душанбадан бошлаб нақд валюта танқислиги кузатилмоқда.

Журналист Азиза Қурбонова Telegram'даги каналида банкларда доллар дефицити кузатилаётгани ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра, Ипак йўли банки бош офисида 2 минг доллардан ортиқ маблағни нақд ечишга чеклов қўйилган.

“Асос ва сабабни ҳеч ким айтиб беролмади. Айтишларича, ўтган пайшанбада банкда ҳеч қандай чеклов бўлмаган. Ипак йўли банкнинг Мирободдаги филиалида эса жисмоний шахслар 3000$ гача ечяпти.

Шошганда филиалма филиал юриш – жуда муаммо. Пулини зарур миқдорда ечолмаётганлар шаҳар бўйлаб филиалларда учрашиб қоляпмиз шу иссиқда. Дейлик, бугун 10 минг доллар керак бўлган одам камида 3-4 та филиалга бориши керак бўляпти. Битта йигит эса АҚШга кетиши керак – унга 40 минг доллар керак. Менимча, тўсатдан мўъжиза юз бермаса, бу иш билан яна 3 кун юрса керак. Шунақа гаплар”, – дейди у.

Банк-молия соҳаси мутахассиси Исмоил Туроповнинг ёзишича, у телефон қилган 8 та банк бунақа катта миқдордаги (30-50 минг доллар атрофида) пул банк кассасида бўлмаслиги мумкинлигини айтган.

У банклар “муаммо бор” деб аниқ айтмаган бўлсалар-да, ҳақиқатан ҳам нақд валюта билан боғлиқ чекловлар ўрнатилганини, бу кўпроқ “спекулятив амалиётларни чегаралаш” учун эканини уқтиришга ҳаракат қилишганига эътибор қаратган.

Kun.uz манбасининг сўзларига кўра, Ҳамкорбанкнинг бир нечта филиалида ҳам катта миқдорда нақд валюта олиб бўлмаяпти. Анорбанкда ҳам 2000 долларгача валюта олиш мумкин. Айрим банкларда ўрнатилган лимитдан кўпроқ валютани “раис рухсати билан” олиш мумкин бўлмоқда.

Ҳозирча банклар расмий равишда изоҳ бермади. Фақат Капиталбанк жума куни айрим пул ўтказмаларини тўхтатаётгани, бунга “ўз хусусиятларига кўра шахсий мақсадларга зид бўлган ўтказмалар сони кўпайгани” сабаб бўлганини эълон қилди.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов пайшанба кунги матбуот анжуманида банкларда нақд валюта етишмовчилиги бўлиши хавфи мавжуд эмаслиги, уларни нақд валюта билан таъминлаш учун етарли нақд валюта захираси шакллантирилганини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, июн ойининг охирида ҳам банкларда валюта танқислиги юзага келганди. Бунинг сабаби мутахассислар томонидан рубл курси Марказий Осиё мамлакатлари миллий валюталарига нисбатан шиддат билан мустаҳкамланишда давом этаётгани билан изоҳланганди.

Марказий банк пул ўтказмаларининг кескин ошиши Россия ва Қозоғистонда ишлаётган қирғизистонлик ва тожикистонлик муҳожирларнинг ҳам Ўзбекистонга пул ўтказаётгани фонида юз бераётган бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Регулятор бунга сабаб сифатида қўшни давлатларда пул ўтказмаларини долларда бериш бўйича тақиқ ва чекловлар ўрнатилганини келтирган эди.

2022 йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми 6,5 млрд долларга тенг бўлди. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга кўп. Июн ойидаги ўсиш 3 баробардан ортиқни ташкил этган.

Мавзуга оид