Kun.uz таҳририятига абитуриент йигит томонидан мурожаат келди. У Андижондаги машинаcозлик институтига ҳужжат топшириш учун бориб, устидаги кийимлари туфайли ортга қайтарилганидан шикоят қилган.

Сайт мухбири ушбу вазиятни ўрганиш учун олий илм даргоҳининг қабул комиссияси билан боғланган.

Маълумки, аризачиларнинг хатида доим ўзи юз фоиз ҳақ, нариги томон эса тескариси этиб кўрсатилади. “Қарс икки қўлдан чиқади” деган мақолга амал қилган ҳолда вазиятни ичига кириб, муаммонинг тўла ўрганиш учун ҳар икки тараф билан суҳбатлашган маъқул. Мутасаддининг айтишича, институтда ўқишни ихтиёр этган абитуриент ўз ҳужжатларини топширишга шортида келган ва уни таълим даргоҳига киритишмаган. 

“Шу ҳам муаммо бўлибдими?” дерсиз?  Мен ҳам аввалига ушбу воқеани мақола қилиб ёзишни ўзимга эп кўрмагандим. Лекин, оддий учқундан аланга чиқиши ҳам мумкин. Ёзганларим ижтимоий тармоқларда: “Қандай кийиниб юриш инсоннинг ўз ҳуқуқи, ақллилик қилиб шахс эркинлигига раҳна солманг", "Замондан қолиб кетибсиз!” дея муҳокама қилинишига тоқатим йўқ. Лекин, куни кеча жамоат транспортида давангирдек йигитни енги йўқ майка кийиб (анчадан бери эътибор берилмаган қўлтиғини кўз-кўз қилганича) тепадаги автобус тутқичини ушлаб турганини кўргач, энсам қотиб, клавиатура чиқиллатишга тушдим.

Талаба бўлиш орзусида юрган йигит билан суҳбатлашганимда у: “Қонунда шортикда келиб, ҳужжат топшириш мумкин эмас, деган талаб йўқ. Жисмоний меҳнат қиладиган жойда ишлайман, ҳаво иссиқ. Шунинг учун шортикда бордим. Институтни кираверишига “Шортикда кирилмасин” дея ёзиб қўйишмабдику?” деди. Бир томондан у ҳақдир. Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигининг талаба ва ўқувчилар учун таълим жараёнида кийиниш ва одоб-ахлоқ меъёрлари ҳақида алоҳида кўрсатмаси борлиги ҳақида эшитганим бор. Лекин, бу йигит ҳали талаба ёки ўқувчи эмас. Демак, абитуриент мавжуд қоидаларга бўйсунмаса ҳам бўлаверади деган хулосага келишимиз ҳам мумкин.

Жамоат жойларида ман қилинган муайян кийимлар ҳақида гапириш бу алоҳида масала. Ёзганларимни ўқиётган кишилар мени эскича фикрлашда айбласалар ҳам майли, лекин ўша: “Ука, ҳужжат топширгани шимингни кийиб келгин” деган устоз жўяли насиҳат қилган.

Жимжимадор ва эшитилавериб таъсир кучини йўқотаёзган: “Бизнинг аждодларимиз маданиятни бутун дунёга тарқатган, биз дунёда энг маънавиятли халқ вакилимиз” деган гапларни ёзгим келмади. Аслида ўзи шундай, лекин такрор-такрор айтилган гап - оддий навбатчи жумлаларга айланади. Бир оғиз гапим бор: “Биздаги “андиша” аталмиш туйғу бошқаларда учрамаса керак”. Яна, юртимиз кишилари  фаҳм-фаросат бобида бошқалардан кам бўлмаган.