Сўнгги йилларда ўзбек футболида «Эшитдик-да!» рукни остида тарқаладиган маълумотлар кўпайиб бормоқда. Асосан ҳажвий журналларга мос келадиган бундай хабарларнинг аксарияти нотўғри бўлиб чиқса-да, айрим ҳолларда ҳақиқатга мос келадиганлари ҳам топилади. Ўнтадан биттаси. Балки йигирмадан биридир?! Майли, бу унчалик аҳамиятли эмас. Муҳими - ўтган ҳафта шунга ўхшаш хабарлардан бири ўз тасдиғини топди: «Бунёдкор» ҳужумчиси Элдор Шомуродов фаолиятини, дарҳақиқат, Россия чемпионатида давом эттиришга яқин турибди. Унга «Краснодар» ва «Ростов» харидор бўлган. У ёғини сўрасангиз, бу маълумот манбаси ҳам рус сайтларидан - Soccer.ru. Ким билади, дейсиз, балки шунинг учун рост чиққандир?!

Soccer.ru хабарни чиқаргач, россиялик ҳамкасбларимиз ҳали ўзлари ўқиб улгурмай, мамлакатимиздаги сайтларда ҳам бирин-кетин ушбу маълумот тарқалди. «Краснодар»даги манбага асосланиб берилган маълумотда Элдор Шомуродов анча мақталган. Уни ҳатто ўзбек футболининг асосий умиди сифатида кўрсатишган. Афтидан, ўша «Краснодар»да ишлайдиган ходим ўзбекистонлик футболчиларнинг барчасини танимайдиган кўринади. Акс ҳолда, Шомуродовдан кам бўлмаган бошқа иқтидорларни ҳам таниган бўлармиди?!

Шомуродовнинг Россия чемпионатига кетиши эса бир нарсани кўпроқ исботлаб берса керак. Бу трансфер замонавий футболда ёш иқтидорнинг очилишида нафақат бевосита спорт, балки агентлик хизматининг ҳам ўрни катта эканини яна бир карра кўрсатиб беради. Йўқса, юртимизда Шомуродов сингари иқтидорга эга футболчилар кам дейсизми? Етарли! Биргина «Бунёдкор»да бундай ўйинчилар яна кўплаб топилади - Достон Ҳамдамов, Отабек Шукуров, Акром Комилов. Аммо қобилият бўлгани билан, уни очиб берадиганлар топилмаса, ҳаммаси беҳуда кетишини аввал ҳам кўп кўрганмиз.

Энди бу ёғи Элдорнинг ўзига боғлиқ. Хориж чемпионатига бординг, дегани, шу билан барчаси зўр бўлиб кетишини англатмаслигини унинг ўзи ҳам тушуниб турибди, деб умид қиламиз. Шу вақтга қадар жуда кўп футболчимиз хорижда бахтини синаб кўрган, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўз ўрнини топиб кетмаган. Айниқса, Россия чемпионатида. Бу ўринда гап нафақат у ерда рақобат катта экани, балки рус футболчиларининг ўзига хос табиатида ҳам бўлса керак. Келинг, шу ўринда Жаъфар Ирисметовнинг фаолиятини мисол қилиб келтирсак.

Ирисметов ўз вақтида Москванинг «Спартак» клуби назарига тушган эди. У дастлаб Россия чемпионатидаги фаолиятини ёмон бошламади, ҳар ҳолда ўзининг чаққонлиги ва гол сезиш қобилияти билан кўпчиликнинг назарига тушди. Аммо барибир, «Спартак»да бир йил ҳам ўйнай олмади. Нима учун? Бу ёғини энди унинг ўзидан эшитган маъқул.

- «Спартак»да қанча ўйнаган бўлсам ҳам нима учун мени чақиришганини тушунмаганман, - дейди Жаъфар Ирисметов. - Жамоадаги ички муҳит ҳавас қиларли даражада эмасди. Футболчилар турли гуруҳларга бўлиниб олишган, аввалдан ўйнаб келаётган тажрибали ўйинчилар янги келганларни назарга илишмасди. Ўзаро ёрдам ҳақида-ку умуман гап бўлиши ҳам мумкинмас.