11:47 / 18.07.2017
7947

«Манчестер Сити» яна бир дарвозабон сотиб олмоқда

«Наполи» дарвозабони Хосе Рейна фаолиятини «Манчестер Сити»да давом эттириши мумкин.

Radio Crc тарқатган хабарга кўра, неаполитанликлар клуби ушбу футболчига янги шартнома таклиф этган, аммо у «шаҳарликлар» жамоасидан ҳам таклиф мавжудлиги учун бу шартномани рад этган. 

«Манчестер Сити» Рейна учун 3 миллион евро тўламоқчи, «Наполи» эса уни 5 млн евро эвазига қўйиб юбориши мумкин бўлади.

«Манчестер Сити» ёзги трансферлар вақтида «Бенфика»дан Эдерсон Сораесни рекорд даражадаги маблағ (40 миллион евро) эвазига сотиб олганди.

Хосеп Гвардиола «Манчестер Сити» бошқарувига келгач, жамоанинг асосий дарвозабони Жо Ҳартни таркибдан чиқарганди, у ўтган мавсумни «Торино»да ижара асосида ўтказди, шу кунларда эса у «Вест Ҳэм» аъзоси бўлиши кутилмоқда. 

Гвардиола Ҳарт ўрнига «Барселона»дан Клаудио Бравони олиб келганди, аммо у ишончни оқламади. Рейна жамоада айнан Браво ўрнига иккинчи дарвозабон бўлиши кутилмоқда.

Жамоанинг яна бир дарвозабони, ўтган мавсум давомида асосий дарвозабонга айланган Вильфред Кабальеро эса шартномаси якунлангани туфайли жамоани тарк этди ва «Челси» сафига бориб қўшилди.

Top