Бу мақолани юқоридаги рукн остида ёзишни истамагандим. Лекин на чора? 1991 йил Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасига чегара симларини тортди. Биз учун азиз ҳамда қадрдон бўлган Шоҳимардон ва шоҳимардонликлар Қирғизистон ва қирғизлар қуршовида қолиб кетди. Водилдан Шоҳимардонгача бўлган 25 чақирим йўл эса ҳақиқий синовга айланди.

Шундай қилиб, 14 июль, 2017 йил. Биз ЎзА мухбирлари Мақсуд Сулаймонов ва Муқимжон Қодировлар билан Шоҳимардонга сафарга отландик. Барча расмиятчиликларни адо этиб соат 12:15 да Ўзбекистоннинг Водил (расман Фарғона) чегара масканига келдик. Турнақатор юк машиналар бир йўлакда, енгил машиналар иккинчи йўлакда навбат кутиб турар эдилар.

- Чегарада соатлаб кутамиз, божхоначилар машинадан юкларни туширтириб текширув ўтказгач, сўнг яна қайта юклаймиз. Ахир ҳозир технологиялар ривожланган, уни техник асбоблар ёрдамида текширса бўлмайдими?

Мен исмингиз нима, қайси юк машинаси сизники, деб сўраганимда суҳбатдошим зарда билан бир хўмрайдию, терс бурилиб кетди. Ҳозиргина сизни таниймиз мухбир ака, деб суҳбатга қўшилган бошқа ҳайдовчилар ҳам «гурр» этганича ўз машиналари томон кетиб қолдилар.

- Булардан хафа бўлманг, - деди ёши улуғроқ бир ҳайдовчи. – Баъзида кун бўйи текширувни кутамиз. Қолиб кетган кунларимиз ҳам бўлган. Агар сизга арз қилаётганимизни билиб қолишса, машиналарини бирон баҳона билан қайтариб юборишмасин, деб ўйлашади.

- Ўзбекистон чегарасида тамагирлик борми? – сўрадим мен.

- Йўқ – йўқ. На чегарачи, на божхоначи ҳеч нарса сўрамайди. Лекин жуда ортиқча «закончи», улар. Қирғизлар эса машинангизга қиё ҳам боқиб қўймайди. Фақат пул олса бўлди.

- Сўхгача қанча (пора деган сўзни айтишдан ўзимни тийдим) берасиз уларга?

- Юкка қараб. Озиқ – овқат бўлса ҳатто 3-4 миллион сўмгача. Қурилиш материалларига арзонроқ, 2-3 миллион сўм. Лекин шуниси яхшики, бир зум ҳам ушлаб туришмайди. Оладию ўтказади.

Шу пайт навбатда турган одамлар бизни чақириб қолишди.

- Чегарадан ўтасизларми ўзи?!

Дастлаб божхона текширувидан ўтдик. Декларация тўлдириб қаердан, қаерга нима олиб кетаётганимиз ҳақида ёзиб имзоладик. Муқимжоннинг фотоаппарати кўрикдан ўтказилди. Бизда эса қоғоз-қаламдан бошқа гап йўқ эди.

Энди яна навбатга турдик. Бу галгиси чегара – паспорт назорати. Йўқ, одам кўп эмасди, чамаси ярим соатларда ҳужжатларимизни кўздан кечириб паспортимизга муҳр босилди.