Жамият | 13:00 / 20.07.2017
8033
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда кўрик-танлов бўлиб ўтмоқда 

Жиззах вилояти маданият бошқармаси ташаббуси билан 17-23 июль кунлари Жиззах шаҳар Мустақиллик майдонида вилоят бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг кўрик-танлови ўтказилиши режалаштирилди.

Мазкур танловни ўтказишдан асосий мақсад вилоятнинг барча ҳудудларидан истеъдодли ва истиқболли ёшларни танлаш ва саралаш, тарбиялаш, ёшлар онгида аждодлар қолдирган бой номоддий маданий меросни шакллантириш, халқ ижодиётининг турли жанрлари бўйича олиб борилаётган ижодий ишлари билан яқиндан танишиш, ёшларнинг халқ ижодиётининг турли соҳаларига бўлган қизиқишларини шакллантириш, бадиий ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, шунингдек номоддий маданий меросни сақловчи ва бошқаларга етказувчи шахсларни кашф этиш ва уларни маънавий камол топтиришдан иборат.

Танловнинг шаҳар ва туман босқичларидан саралаб олинган фольклор-этнографик ансамбллари, шунингдек, алоҳида ўлан, лапар, бахшичилик ва эстрада йўналишлари бўйича ижрочилар шаҳар ва туман маданият бўлимлари тавсиясига кўра, танлов Низомида белгиланган 16 та йўналиш бўйича ўз дастурлари билан вилоят босқичида иштирок этади. 

Вилоят маданият бошқармаси томонидан тасдиқланган жадвал асосида жорий йилнинг 17 июль куни Жиззах шаҳар Мустақиллик майдонида мазкур танловнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Мазкур танловда Арнасой туманида фаолият кўрсатаётган ашула ва рақс ансамбллари қатнашчилари, ўлан, лапар, бахшичилик, эстрада йўналишлари ижрочилари ўз дастурлари билан иштирок этиб, ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан муносиб баҳоланди. Танловда 300дан ортиқ томошабин ва қатнашчи иштирок этди.

Мавзуга оид