Ўзбекистон | 00:48 / 21.07.2017
178214
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қурол олиб юришга рухсат берилиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси (regulation.gov.uz) порталида «Қурол тўғрисида» ва «Олий Мажлиснинг 2001 йил 12 майдаги 222-II сонли «Амалга ошириш учун лицензия (рухсатнома) талаб қилинадиган фаолият турлари тўғрисида» қарори 1-иловасига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига киритилди. 

Қонунни ишлаб чиқишдан мақсад, лойиҳа муаллифи бўлган ИИВга кўра, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий асосларнинг тўлиқ ва мукаммал эмаслиги, ягона механизм йўқлиги ва шу сабабли вужудга келаётган кўплаб ҳуқуқий англашилмовчиликлар ўрнини тўлдиришдир. 

Қонун лойиҳаси қуролларни уларнинг қўлланилиш мақсадидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги турларга бўлган:

фуқаролик;
хизмат;
жанговар.

Фуқаролик қуроли

Фуқаролик қуролларига фуқаролар томонидан ов ва спорт билан шуғулланишлари ҳамда ўзларини мудофаа қилишлари учун мўлжалланган қуролларга айтилади. 

Қонун лойиҳасида фуқаролар учун қуроллар ҳам бир неча намунага тавсифланган:
1) ов қуроли, бир неча намуналари қайд этилган
2) спорт қуроли, бир неча намуналари қайд этилган
3) ўзини мудофаа қилиш учун қурол, буларни ҳам турлари тоифалаштирилган. 

Хизмат қуроли сифатида юридик шахслар хизматчилари томонидан қонунчилик асосида фуқаролар ҳаёти ва саломатлиги, мулки, табиат ва табиий захиралар, қимматбаҳо ва хавфли юклар, махсус жўнатмаларни қўриқлашда ўзларига юкланган махсус вазифани бажарувчи хизматчилар ҳамда давлат органларининг юқори лавозимли мулозимлари ўзларини мудофаа қилиш мақсадида олиб юрадиган қуроллар тушунилади. 

Махсус хизмат топшириғига эга юридик шахслар ва қурол олиб юришга ҳақли бўлган давлат органлари раҳбарларининг рўйхати, уларга бериладиган қурол-яроғлар айланмаси, сақлаш, олиб юриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилади. 

Жанговар қурол

Жанговар қуроллар сифатида жанговар ҳаракатлар олиб бориш ва хизмат бурчини бажариш учун қонунда белгиланган тартибда Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг давлат фельдъегерлик хизматига қабул қилинган қуроллар тушунилади. 

Ҳарбий бўлинмалар, махсус органлар ва бирлашмаларда жанговар қурол айланмаси тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўрнатилади. 

Қонун лойиҳаси матни билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

 

Мавзуга оид