Нега гўштнинг нархи сезиларли даражада ошди? Қорамоллар сони камайиб кетдими? Ёки гўштнинг четга экспорт қилинаётгани узилишларни юзага келтирдими? Чорва етиштириш, уларни турли юқумли касалликлардан ­асраш, аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қондириш юзасидан қандай чора-тадбирлар ­кўрилмоқда?

Сўнгги уч ойда республикамизда зарур озиқ-овқат маҳсулотлари сирасига кирувчи гўштнинг қимматлагани оддий одамларни ташвишга солди, турмуш сифатига таъсир кўрсатди. Айримлар буни чорва молларининг камайиб бораётгани, қорамол етиштириш харажатлари ошиб кетгани билан изоҳласа, бошқалар гўштнинг чет элга экспорт қилинаётгани нархлар ошишига сабаб бўлганини таъкидламоқда.  Хўш, бундай миш-мишлар асослими? Аслида, нима сабабдан гўштнинг нархи сезиларли даражада ошиб кетди? Чорва етиштириш, уларни турли юқумли касалликлардан асраш, аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қондириш юзасидан қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда? Ўтказилган журналистик суриштирув давомида ана шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Бир йилда қанча гўшт еймиз?

Аввало, республикамиз бозорлари ва савдо дўконларидаги гўштнинг айни кундаги нархларини солиштирамиз. Наманган шаҳрида февраль ойида 23 минг сўм сотилган суякли гўшт бугун 29 минг сўмдан, Самарқанд шаҳрида 24 минг сотилган ҳудди шундай гўшт 30 минг сўмдан, Марғилон шаҳрида бундан уч ой олдин 23 минг сўм бўлган гўшт айни кунда 29 минг сўмдан таклиф қилинмоқда. Тошкент шаҳрида эса февралда аҳоли энг кўп харид қиладиган гўштнинг сарпанжа тури ўртача 25 минг сўм бўлган бўлса, бугун уни 33 минг сўмгача харид қилиш мумкин.

Шаҳарларда жойлашган йирик савдо мажмуалари ва супермаркетлардаги нархлар янада қиммат. Жумладан, Фарғона шаҳридаги Makro супермаркетида суяксиз мол гўшти 39,900 сўмгача, Марғилон шаҳридаги филиалида 41 минг сўмгача, Самарқанд шаҳридаги «Омега центр» савдо марказида 37 минг сўмдан сотилмоқда. Пойтахтимизда  жойлашган Makro супермаркетлари тармоғида бир килограмм лаҳм гўшти бундан уч ой илгари турига қараб 33-37 минг сўмдан сотилган бўлса, ҳозирги кунда 45-55 минг сўмгача сотилмоқда.

Бундан мамлакатимиз бозорларидаги гўшт нархи кейинги уч ой ичида ўртача 21 фоиздан 25 фоизгача, супермаркетларда 28 фоиздан 70 фоизгача ошгани кўринади. Бу аҳолининг харид қувватига (энг кам иш ҳақи миқдори 149 минг экани ҳисобга олинса) нисбатан анча қиммат саналади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларида одам бир йилда ўртача 55 килограммгача гўшт истеъмол қилиши лозимлиги тавсия этилади. Экспертларнинг тахминига кўра,