Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ўзининг расмий веб-сайти, оммабоп ижтимоий тармоқлар ҳамда бошқа интернет-нашрларга жойлаштирилган махсус сўров шакли орқали тадбиркорларнинг ўз фаолиятидаги муаммоли масалаларни ечишга ҳамда Ўзбекистон ҳудудларида ишбилармонлик муҳити ҳолатини сифат жиҳатидан яхшилашга қаратилган таклиф ва мулоҳазаларни ўрганиб чиқмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Бир ҳафтадан кам бўлган муддат ичида тадбиркорлардан қонунчиликдаги номутаносибликлар ҳамда тадбиркорликнинг ривожланиш йўлидаги тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича 80 дан ортиқ таклифлар келиб тушди. Мазкур ҳолат уларнинг аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишда фаол ҳамда конструктив муносабатда эканлигидан далолат беради.
Келиб тушган таклифларнинг кўпчилиги, энг аввало, банк соҳасидаги муаммоларни ечишга қаратилган. Тадбиркорлар банк операциялари бўйича воситачилик ҳақи миқдорининг юқорилигини кўрсатишмоқда. Масалан, хоразмлик тадбиркор томонидан кредит олишда тақдим этилган ҳужжатларни кредит комиссияси кўриб чиқиши учун қўшимча ҳақ олиниши, шунингдек гаров таъминотини суғурталаш ҳамда уни баҳолаш, кредит ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш ва бошқа жараёнлар учун кетган харажатларни тадбиркорлар томонидан қопланиши лозимлиги қайд этилган.
Шу билан бир қаторда, тижорат банкларига молиявий кўмак сўраб мурожаат қилаётган тадбиркорларга жиддий молиявий юк бўлаётган сабаблар қаторида тижорат банклари томонидан маблағларни конвертация қилиш, аккредитивларни очиш, конвертация қилинган маблағларни чет эллик ҳамкорларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиш ва бошқа хизматлар учун абонент тўловлари ҳамда бошқа воситачилик фоизлари ўрнатилганлиги санаб ўтилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлар бизнес фаолиятини юритиш учун арзон молиявий ресурслар етишмаётганлигини қайд этиб, тижорат банклари билан рақобатлаша оладиган молиявий институтларнинг мавжуд эмаслигини кўрсатишмоқда. Мазкур ҳолатни бартараф этиш учун респондентлар тижорат банкларига ҳақиқий рақобатчига айланувчи кредит уюшмаларининг фаолиятларини тиклашни таклиф этмоқдалар. Бу эса ўз навбатида, кредитдан фойдаланиш учун фоиз ставкаларини камайишига сабаб бўлади. Шунингдек, сўров қатнашчиларининг мулоҳазаларига кўра, тижорат банклари томонидан улар тавсия этган баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботини талаб қилмасдан ёки баҳоланган гаров таъминотининг қийматини ўзларининг хоҳишига кўра камайтирмасдан мустақил баҳоловчи ташкилотларнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларини банклар томонидан сўзсиз қабул қилинишига эришиш лозим.
Кичик бизнес субъектлари вакилларининг кўпчилиги иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига (ИФУТ) ўтиш натижасида вужудга келган муаммоларни қайд этишмоқда. Статистика, солиқ ва молиявий ҳисоботлар учун ИФУТнинг жорий қилиниши натижасида, ХХТУТ бўйича аввал кичик бизнес субъектлари ҳисобланган иқтисодиётнинг айрим тармоқларидаги корхоналар йирик корхоналар тоифасига ўтказилган эдилар. Натижада, уларнинг кўпчилиги ҳозирги вақтда умумбелгиланган солиқ режимига ўтиб қолишлари ҳамда солиқ юкининг бирданига ошиб кетиши сабабли янги шароитларга аста-секин мослашув босқичларини босиб ўтмасдан йирик корхоналар билан рақобатлашиш имкониятига эга эмаслар. Юзага келган ҳолатдан келиб чиқиб, кичик бизнес вакиллари кичик корхоналар ходимларининг чекланган сони бўйича белгиланган талабларни тузатиш ёки муқобил вариант сифатида ҳам давлат, ҳам хўжалик юритувчи субъектларни қаноатлантирувчи оқилона солиқ ставкаларини белгилаган ҳолда уларга ўрта бизнес мақомини беришни таклиф этишмоқда.

















